Президент бу ҳақда 21 октябрь куни Қашқадарё вилоятига ташрифи доирасида тадбиркорлар ва инвесторлар билан учрашувда айтди. Унинг нутқи «Ўзбекистон 24» телеканали дастурида намойиш этилди.
«Қашқадарё деганимизда бир пайтлари фақат пахтадан бошқа нажот йўқ эди десак, у ҳам тўғри бўлади. Битта нарсани билинглар, Ўзбекистонда биз бугун эрталаб 101% пахта планини бажардик. Мен бирор марта рақамни мақсад қилиб қўймайман. Манфаат рақам бўлиши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент авваллари Ўзбекистонда пахта йиғим-терими декабрь охиригача давом этганини эслатди.
«Ўзи бир пайтлари 1 октябрда пахта терим бошланарди, лекин 20 декабрда ҳам у тугамасди. Худди кечаси биров пахта тергандай, кечаси штаб бўларди, эрталабга режа айтиларди», — деди у сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигида юз берган ўзгаришлар ҳақида гапирар экан.
Давлат раҳбарига кўра, бугун пахтачилик соҳаси янги шароитларда ривожланмоқда. Жумладан, ҳудудларда хомашёни чуқур қайта ишлаш корхоналари ташкил этилмоқда, ишлаб чиқарилган маҳсулотлар эса хорижга экспорт қилинмоқда.
22 октябрь ҳолатига келиб, териб олинган пахта ҳажми 4,63 млн тоннага ёки режанинг 103 фоизига етди, деб хабар берди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.
Ҳосилнинг қарийб 3,52 млн тоннаси ёки 76 фоизи 3000 га яқин пахта териш машинаси ёрдамида йиғиб олинган. Шу билан бирга, йиғим-терим ҳали якунланмаган: 49 минг гектардан ортиқ майдонда ҳосилнинг биринчи терими давом этмоқда.
Аввалги давлат харидлари тизими ўрнига пахта-тўқимачилик кластерлари билан шартномавий муносабатлар жорий этилди. Ишлаб чиқарувчиларга пахтани биржа механизмлари орқали сотиш имконияти ҳам берилди.
Шу билан бирга, соҳада ишлаб чиқариш бўйича прогноз ва шартномавий кўрсаткичлар сақланиб қолди. 2026 йилда бу кўрсаткич 4,5 млн тонна пахта хомашёсини ташкил этади.
2026 йил февраль ойида Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти ва Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари форуми тадқиқот эълон қилди. Унда давлат буюртмаси бекор қилинганига қарамай, фермерлар экиладиган экинларни танлаш ва ишлаб чиқариш ҳажмини белгилашда ҳануз чекловларга дуч келаётгани қайд этилган.
Ташкилотлар маълумотларига кўра, маҳаллий ҳокимликлар ерларнинг прогноз қилинаётган ҳосилдорлигидан келиб чиқиб, фермерлар учун пахта ва буғдой етиштириш кўрсаткичларини белгилашда давом этмоқда. Ҳуқуқни ҳимоя қилувчилар белгиланган кўрсаткичларни бажармаган фермерларга нисбатан босим ўтказиш, жумладан, ерни олиб қўйиш билан таҳдид қилиш ҳолатлари ҳақида ҳам хабар берган.
Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотларга йўллаган жавобида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги фермерлар ҳуқуқларининг қонунчиликда белгиланган кафолатлари ва мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари учун жавобгарлигини назарда тутувчи нормалар мавжудлигини таъкидлаган.
Август ойида президент ўтмишда сиёсий ирода етишмагани сабабли «ҳамма пахтага қул бўлганини» айтган эди. Йигирма тўрт соат, ўн икки ой шудгор, чеканка, дефолиация, терим билан шуғулланардик. Бошқа ҳеч нарса билан шуғулланмасдик", — деган эди Шавкат Мирзиёев. Мактаб ўқувчилари эса, Сирдарё вилояти ҳокимининг сўзларига кўра, «даладан чиқмасди».
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.