Криптовалюталарнинг ҳукми ҳалол бўлмагунча мўмин-мусулмонлар бу пуллар билан савдо қилмай туришлари таъкидланди.
Фатво марказининг таъкидлашича, мазкур савдо-сотиқ шаръан жоиз эмас.
Чунки ушбу криптовалюталарда шариат томонидан пулга қўйилган талаблар топилмайди. Қолаверса, уларни бирор давлат ишлаб чиқармагани ёки расман тан олмагани, нархининг кескин ўзгарувчанлиги ҳамда унда қимор аломатлари борлиги у билан муомала қилиш ҳаром эканига асос бўлади.
Таъкидланишича, ҳозирда фақат электрон кўринишда мавжуд бўлган "рақамли пул”лар вақт ўтиши билан шариатга мувофиқ, товар ва пулга қўйилган шартларга тўлиқ жавоб бера олса, шундагина улардан фойдаланишнинг ҳукми ҳам ўзгариши мумкин. Демак, криптовалюталарнинг ҳукми ҳалол бўлмагунча мўмин-мусулмонлар бу пуллар билан савдо қилмай туришлари лозимдир.
“Зеро Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:
“Ҳалол ҳам аниқ, ҳаром ҳам аниқ. Уларнинг ўртасида шубҳали нарсалар бор. Кўп одамлар буни билмайдилар. Ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўсини пок сақлайди. Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушади...” (Имом Бухорий ривояти)”,- дейилади хабарда.
Маълумот ўрнида, криптовалюталар савдоси ҳозирга қадар, Дунё мусулмон уламолари бирлашмаси, Саудия Арабистони кибор уламолари ҳайъати, Миср Араб Республикаси “Дорул ифто” фатво маркази, Иордания фатво идораси, Туркия диёнат ишлари бошқармаси фатво маркази, Ливия фатво уйи ва Фаластин фатво маркази каби нуфузли фатво уюшмалар томонидан ҳаром деб эълон қилинган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.