Кўргазма Central Asian Expo Uzbekistan мажмуасида ўтказилмоқда. Экспозициянинг умумий майдони 18 минг квадрат метрдан зиёд. Унда Россия, Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлардан 10 мингдан ортиқ делегатлар иштирок этмоқда.
Таъкидланишича, кўргазмада машинасозлик, электротехника, металлургия, кимё саноати, транспорт, қурилиш, IT ва бошқа тармоқлардаги етакчи корхоналарнинг технологик ечимлари, замонавий ускуналари ва тайёр саноат маҳсулотлари намойиш этилмоқда.
Павильонлар ва экспозицияларни кўздан кечириш чоғида давлат раҳбари иқтисодий кооперация учун катта салоҳият ва янги бизнес ғоялар ишлаб чиқиш учун яхши имкониятлар мавжудлигини алоҳида таъкидлади.
Форум янги йирик лойиҳаларни илгари суришга суръат бағишлаши, узоқ муддатли шериклик алоқаларини ривожлантириш ва ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон президенти Россия ҳукумати раисининг биринчи ўринбосари Денис Мантуров бошчилигидаги делегация билан учрашувлар ўтказди.
Россия делегацияси раҳбари Шавкат Мирзиёевга Россия президенти Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўтган йил май ойида Россия президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи якунида эришилган келишув ва битимларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
«Товар айирбошлашнинг ўсиш суръати сақланиб қолмоқда, икки мамлакат ҳудудларини фаол жалб этган ҳолда муҳим кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, кооперация лойиҳалари ва дастурларини илгари суриш, шу жумладан „Иннопром“ форуми доирасида ўзаро мувофиқлашган ечимларни ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди», — дейилади матбуот хизмати хабарида.
Татаристон раиси Рустам Минниханов билан учрашувда етакчи корхоналарнинг саноат кооперациясини ва фаол гуманитар алмашинувни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқотларни давом эттириш, нефть-газ, кимё, транспорт, туризм ва бошқа соҳаларда, шу жумладан, Ўзбекистон ҳудудларидаги саноат зоналари доирасида қўшма лойиҳаларни илгари суришга келишиб олинди.
«Росатом» давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачев билан суҳбатда тинч атом соҳасидаги ҳамкорлик ривожланиб бораётгани қайд этилди.
Қишлоқ хўжалиги ва тиббиётда ядро технологияларини қўллаш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, Тошкент шаҳридаги «МИФИ» филиали негизида кадрлар тайёрлаш масалаларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, давлат раҳбари давра суҳбатида иштирок этди. Унда икки мамлакат ҳудудлари ва етакчи компаниялари раҳбарлари кооперация лойиҳаларини амалга ошириш бўйича аниқ режаларни тақдимот қилдилар.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.