Тошкентда 24/7 ишлайдиган яна бир гастрономик кўча пайдо бўлади
Содиқ Азимов кўчасининг бир қисмидан пойтахт аҳолиси ва хорижлик сайёҳлар учун 24 соатлик кўнгилочар марказ қурилиши режалаштирилган.
Микрокредитбанк ҳамда Тошкент шаҳар Яшнабод тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида ҳудуддаги Содиқ Азимов кўчасини гастрономик, яъни 24/7 режимида ишловчи кўчага айлантириш бўйича лойиҳа ишлари якунига етказилди. Бу ҳақда Банк Матбуот хизмати
хабар қилмоқда.
Мазкур лойиҳа доирасида Содиқ Азимов кўчасида ёритиш устунларини, ўриндиқлар ва чиқинди урналарини ўрнатиш, манзарали дарахт кўчатлари ўтқазиш, суғориш тизимларини жойлаштириш, аудио мусиқа тизимини ташкил этиш, декоратив арка ва устунлар ўрнатиш, шунингдек, ҳудудда фотозоналар учун декоратив элементлар ташкил этиш, пиёдалар йўлаклари, вело-йўлаклар йўл чеккасида ҳаракатланишга халал бермайдиган автотураргоҳлар ва замонавий ўриндиқлар ташкил этиш, овқатланиш учун қулай бўлган «Food truck»лар фаолиятини йўлга қўйиш, болалар ўйингоҳи ва 3D форматдаги катта монитор ўрнатиш каби ишлар амалга оширилади.
«Бир сўз билан айтганда, ушбу кўча пойтахт аҳолиси ва юртимиз меҳмонлари, айниқса, хорижлик сайёҳлар учун 24 соатлик кўнгилочар марказга айланади», – дейилади хабарда.
Қайд этилишича, мазкур кўчада жойлашган барча озиқ-овқат ва савдо шохобчалари хорижий валютада тўловларни қабул қилувчи терминаллар билан жиҳозланади. Кундузи ишлайдиган замонавий банкоматлар ва банк маълумот киосклари ўрнатилади.
Аввалроқ пойтахтнинг Тарас Шевченко кўчаси ҳам гастрономик хиёбонга айлантирилиши хабар қилинганди.
Кўча бўйлаб ёритиш тизими, скамейкалар, ахлат қутилари, болалар майдончасини ўрнатиш, янги дарахт кўчатлари экиш ва бошқа кўп ишларни режалаштирмоқдалар. Қурилиш ишлари 15 июлда бошланиши режалаштирилган эди.
Бундан ташқари, Яшнобод туманида Султонали Машҳадий кўчаси бўйлаб гастрономик хиёбон яратиш ҳам режалаштирилган эди.