Президент Халқ қабулхоналари томонидан ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг даромад манбайини шакллантириш ва шу асосда турмуш фаровонлигини таъминлашга қаратилган “Мурожаатдан — даромадга” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Жумладан, лойиҳа асосида Қамаши, Кўкдала, Чироқчи, Ғузор, Деҳқонобод ҳамда Яккабоғ туманларида 120 нафардан зиёд хотин-қизларга тикув машиналари ва сутни қайта ишлаш ускуналари олиб берилди.
Президент Халқ қабулхонаси кўмагида Чироқчининг тоғли Тарағай қишлоғида ҳам янги тикув цехи иш бошлади. Тарағайлик ишсиз 10 нафар аёллар Гулчеҳра Раҳматова билан кооперация ташкил қилиб, мавсумий либослар тайёрлашга киришди.
“Мурожаатдан – даромадга” лойиҳаси доирасида Қарши, Касби, Нишон туманларидаги кўмакка муҳтож қарийб 40 та оилага томорқасидан янада самарали фойдаланиб, даромад олиши учун қудуқ ва насослар ишга туширилди. Айтайлик, Нишоннинг Навбаҳор маҳалласидаги боқувчисини йўқотган Гулсара Шодмонова ва ижтимоий ҳимояга муҳтож Ойзира Янгибоева томорқаларига ҳам оби ҳаёт чиқариб берилгач, уларнинг рўзғорига барака киряпти.
Шунингдек, Деҳқонобод, Шаҳрисабз, Муборак, Китоб, Косон каби туманлардаги эҳтиёжманд 44 та оилага парранда гўшти ва тухум етиштириши учун товуқлар етказиб берилди. Умуман, биргина “Мурожаатдан – даромадга” лойиҳаси билан вилоятдаги 200 дан зиёд хонадоннинг даромад топиши учун шароит ва имконият яратилди. Шу тариқа юзлаб оилаларнинг даромади шаклланди, рўзғорига файз-барака кирди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.