Давлатимиз раҳбари топшириғига асоан жойларда аҳоли кайфиятига таъсир қилувчи муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал этиш юзасидан тезкор чоралар кўриш мақсадида Президент Халқ қабулхонаси бошчилигида барча ҳудудлар кесимида сектор раҳбарлари, ташкилот ва идора масъуллари иштирокида сайёр қабуллар ўтказилмоқда.
Сентябрь ойида ўтказилган сайёр қабуллар давомида жами 28 мингга яқин фуқаролардан мурожаатлар келиб тушган бўлиб, 15 мингдан зиёдининг ечими жойида топилди. Қўшимча ўрганишлар талаб этиладиган 11,6 минг ариза-шикоятлар бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, ижроси назоратга олинди.
Ўтказилган тадбирлар доирасида алоҳида ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларининг ҳам қабуллари ташкил этилди. Фуқаролар бузилган ҳуқуқларини тиклаш, ишга жойлашиш, уй-жойга эгалик ҳуқуқини расмийлаштириш, оила ва никоҳ, солиқ ва банк кредитлари масалалари юзасидан тегишли органлар масъулларига мурожаат қилиб, муаммоларига ечим топдилар.
Сайёр қабулларда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазони ўтаётган маҳкумларнинг жазони енгиллаштиришни сўраб қилган мурожаатлари жойларнинг ўзида жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларининг очиқ суд мажлисларида кўриб чиқилиб, мурожаатларига ечим топилди.
Сайёр қабуллар барча ҳудудларда давом этмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.