Марказий банк фуқароларни огоҳлантириб, номаълум рақамдаги қўнғироқлар бўйича тарқалган хабарларга расмий изоҳ берди.
Маълум қилинишича, фуқаро тижорат банки ёки тўлов ташкилоти мобил иловасидан фойдаланиш учун рўйхатдан ўтишда телефон рақамини кўрсатади ҳамда СМС-хабар шаклида келган тасдиқлаш кодини киритади. Шунингдек, ўз шахсини тасдиқлаш мақсадида қўшимча биометрик идентификациядан ўтиши лозим. Рўйхатдан муваффақиятли ўтган фуқаро мобил иловада ўзига тегишли банк картасини бириктириш имконига эга бўлади.
Мобил иловага банк картасини бириктириши учун банк картасига уланган телефон рақамига бир марталик тасдиқлаш коди (ОТР) юборилади. Ушбу ОТП код фуқаро томонидан мобил иловага тўғри киритилганидан кейингина унинг банк картаси иловага бириктирилади.
Бунда мобил иловада рўйхатдан ўтиш жараёнида киритилган телефон рақами ва банк картасига СМС-хабарнома орқали уланган телефон рақам бир хил бўлиши лозим, акс ҳолда банк картасини иловага бириктириш рад этилади.
Шу билан бирга, тижорат банклари ва тўлов ташкилотлари мобил иловаларида янги рўйхатдан ўтган фойдаланувчиларга нисбатан иловага бириктирилган банк карталаридан фойдаланиш 1 соатгача чекланади.
«Бироқ, фуқаро ўзининг мобил иловадаги аккаунтини бошқариш ҳуқуқини берувчи логин ва пароль ҳамда телефон рақамига келган бир марталик ОТП кодни бегона шахсларга (фирибгарларга) бериб қўйса ёки мессенжерлар орқали тарқалаётган зарарли АПК файлларни мобил қурилмага ўрнатса, унинг банк картасидан ноқонуний равишда пул ечиб олиниши мумкин»,- дейилади хабарда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.