Ўзбекистон ва Иордания виза талабларини бекор қилишни режа қилмоқда

Ўзбекистон ва Иордания виза талабларини бекор қилишни режа қилмоқда

Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Иордания Ҳошимийлар подшоҳлиги подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн Шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш тўғрисида қўшма баёнот қабул қилди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Умуман, ташриф доирасида 15 та икки томонлама ҳужжат имзоланди. Хусусан, икки мамлакат виза талабларини бекор қилиш тўғрисида битим имзолади. Ҳужжатнинг бошқа тафсилотлари ҳозирча маълум эмас.

Февраль ойида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Иорданияда мамлакат бош вазир ўринбосари, ташқи ишлар ва экспатриатлар масалалари бўйича вазири Айман Сафади билан дипломатик паспорт эгалари учун визасиз кириш тўғрисидаги ҳукуматлараро келишувга эришганди.

2025 йил 1 август ҳолатига кўра, ўзбекистонликлар Иорданияга кириб келганда виза олишлари (visa on arrival) керак. Шунингдек, иорданияликлар ҳам Ўзбекистонга киришда электрон кириш визасини олиш (e-visa.gov.uz) ёки Ўзбекистоннинг консуллик муассасаларида соддалаштирилган тартибда туризм визаларини расмийлаштириши мумкин.

Самарқанддаги йиғилишда, шунингдек, қуйидаги соҳаларда ҳужжатлар имзоланди:

  • Экстрадиция тўғрисида битим;
  • Инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисида битим;
  • Қўшма комиссия тузиш тўғрисида битим;
  • Виза талабларини бекор қилиш тўғрисида битим;
  • Олий таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
  • Туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
  • Ҳаво қатнови тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида баённома;
  • Товарлар ва транспорт воситалари ҳаракати тўғрисидаги дастлабки маълумотларни онлайн алмашиш тўғрисида баённома;
  • Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
  • Ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
  • Ветеринария соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
  • Стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳасида меморандум;
  • Дин ишлари бўйича англашув тўғрисида идоралараро меморандумлар;
  • Иордания Ҳошимийлар подшоҳлиги подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси.

Музокаралар чоғида Кимё ва тўқимачилик саноати, «ақлли» қишлоқ хўжалиги, геология, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, туризм ва бошқа тармоқларда кооперацияни кенгайтиришга келишиб олинди.

Бундан ташқари, Самарқанд шаҳридаги Конгресс марказида Иордания подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн Ўзбекистоннинг тиббий асбоб-ускуналардан тортиб, IT ечимларигача бўлган экспортбоп маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди. Меҳмонга, шунингдек, дронлар ва ҳарбий анжомлар намойиш этилди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.