Президент: «Аёлларга таҳсинлар айтиб, уларни қўллаб-қувватлашдан ҳеч қачон чарчамаймиз»

Президент: «Аёлларга таҳсинлар айтиб, уларни қўллаб-қувватлашдан ҳеч қачон чарчамаймиз»

Шавкат Мирзиёев 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда сўзлаган нутқида мамлакат хотин-қизларини табриклади. Унинг нутқи матни давлат раҳбари матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

Давлат сиёсатида устуворлик


Президент хотин-қизларга мурожаат қилар экан, меҳр-оқибат, олижаноблик, муҳаббат ва садоқат каби юксак инсоний қадриятларни камол топтиришда, оила қўрғонини мустаҳкамлашда уларнинг хизматини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмаслигини айтди.

«Муқаддас динимиз ҳам муҳтарама оналаримиз, дилбар опа-сингилларимиз, мунис қизларимизга ҳамиша яхшилик қилишга, уларнинг иззат-ҳурматини жойига қўйишга буюради», — деб қўшимча қилди у.

«Сўнгги йилларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ таъминлаш, уларнинг қадр-қимматини улуғлаш Янги Ўзбекистоннинг давлат сиёсатида етакчи ўринга қўйилмоқда, — деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда аёллар турли соҳа ва тармоқларда тараққиёт учун муносиб ҳисса қўшаётгани алоҳида таъкидланди. Хусусан, 2017 йилда бошқарув соҳасида хотин-қизлар ўртача 20 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирда бу рақам 35 фоизга етди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 38 фоизини, Сенат аъзоларининг 27 фоизини аёллар ташкил этмоқда.

«Аёлларнинг давлат бошқаруви ва парламент фаолиятидаги иштироки кучайгани жамиятимиз ривожига ҳам ижобий таъсир этаётганини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Энг муҳими, ақл-заковатли, билимли ва истеъдодли хотин-қизларимиз давлат ва жамиятнинг барча соҳаларида намуна бўлишмоқда, — деди давлат раҳбари.

Замонамизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари


«Бир ҳақиқатни барчамиз яхши тушуниб олишимиз зарур. Аёлларнинг ташвиш ва машаққати ҳам, зиммасидаги масъулияти ҳам эркакларга нисбатан анча юқори», — деб давом этди президент.

«Уй-рўзғор ишлари ва фарзанд тарбиясидан ортиб, таълим олаётган, меҳнат қилаётган ва тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизлар замонамизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари, десак, тўғри бўлади», — деди у.

«Янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг оғирини енгил қилиш, улар учун барча соҳаларда зарур шароитларни яратиб бериш доимо давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ижтимоий ҳимоя ва бандликни таъминлаш, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, таълим, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш борасидаги ишлар мутлақо янгича ташкил этилиши маълум қилинди.

«Аёллар соғлом бўлса, оила мустаҳкам бўлади, уларда маънавий муҳит, ишчанлик кайфияти юксалади, келажакка ишонч ортади», — деди президент.

«Битта қизни ўқитсак, бутун оилага таълим берган бўламиз. Агар оила билимли, маърифатли бўлса, жамиятнинг онги, маданий даражаси ҳам юксалади. Аёллари ўқимишли ва касб-ҳунарли бўлган юртда тинчлик ва тараққиёт бўлади. Аёллари маърифатли бўлган халқ албатта бахтли бўлади», — деди у.

«Биз халқимизнинг розилигини, аввало, сизларнинг розилигингиз, деб тушунамиз», — дея қўшимча қилди у.

Тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш


Президент тадбиркор аёлларнинг ролини алоҳида таъкидлаб, уларни «Янги Ўзбекистоннинг бунёдкор аёллари» деб атади. «Уларга чуқур миннатдорлик изҳор этаман. Уларга қандай қўшимча шароит ва енгилликлар керак бўлса, яратиб беришга тайёрман», — деди у.

Давлат раҳбари Савдо-саноат палатаси ҳузурида Тадбиркор аёллар кенгашинини ташкил этишни таклиф қилди. У «тўғридан-тўғри парламент олдида соҳада тадбиркор аёлларни ташвишга соладиган ҳаётий масалаларни кўтаради».

Энди аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича 4 босқичли янги тизимни йўлга қўйилади.

Биринчи босқичда бизнесга қизиққан, лекин кўникмаси бўлмаган 20 минг нафар хотин-қиз тадбиркорликка ўқитилади. Иккинчи босқичда ўзини ўзи банд қилган 100 минг нафар аёлнинг кичик тадбиркор бўлиши учун кўмаклашилади. Учинчи босқичда ҳар бир туманда 2 тадан кичик корхона намунали ўрта бизнес даражасига олиб чиқилади. Тўртинчи босқичда Савдо-саноат палатаси энг фаол 50 нафар аёл тадбиркорни йиллик айланмаси 100 млрд сўмдан ошадиган «чемпион тадбиркор»га айлантиради.

«Бугунги кунда ҳаётимиз, одамларнинг турмуш тарзи, тафаккури, дунёқараши ва маданияти тобора юксалиб бормоқда. Олдимизга барча соҳа ва йўналишларда ғоят улуғвор мақсадларни қўймоқдамиз. Бунга эришиш учун биз таянадиган етук авлодни тарбиялаб, вояга етказиш сиз, азизларнинг — фидойи оналарнинг қўлида. Шунинг учун сиз, муҳтарама аёлларимизга улкан таҳсинлар айтиб, сизларни қўллаб-қувватлашдан ҳеч қачон чарчамаймиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.