Ташриф доирасида Париж шаҳрида олий даражадаги музокара ва тадбирлар, Франциянинг расмий ва ишбилармон доиралари билан қатор учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.
Бўлажак мулоқотлар кун тартибидан кўп қиррали Ўзбекистон-Франция муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари ўрин олган, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, савдо-иқтисодий ва инвестиция-молиявий соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, Франциянинг етакчи компания ва корхоналари билан кооперация лойиҳаларини илгари суришга устувор эътибор қаратилади. Саммит якунида ҳукуматлараро ва идоралараро битимлар тўпламини қабул қилиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, давлат раҳбари ЮНЕСКО бош директори Одри Азуле билан учрашиб, ташкилот Бош конференциясининг 43-сессиясига тайёргарлик кўриш ва уни 2025 йилнинг кузида Самарқанд шаҳрида ўтказишнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилади.
Маълумот учун, шу кунларда Париж шаҳрида соғлиқни сақлаш, фан ва таълим, маданият, туризм ва бизнес соҳаларида форум ва анжуманлар ўтказилмоқда. Тулуза, Лион ва Ниццада қўшма ишбилармонлик тадбирлари бўлиб ўтади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.