Халқаро ҳамкорлик бўйича Европа комиссари Ўзбекистонга келади

Халқаро ҳамкорлик бўйича Европа комиссари Ўзбекистонга келади

12−18 март кунлари Европанинг халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Йозеф Сикела Европа Иттифоқи — Марказий Осиё саммити арафасида шерикликни мустаҳкамлаш мақсадида Марказий Осиёнинг бешта давлатига ташриф буюради. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси «Газета.uz»га маълум қилди.

Европа комиссари ташрифининг мақсадларидан бири иш ўринларини кўпайтириш ва барқарор иқтисодий ўсишга қаратилган Европа Иттифоқининг Global Gateway инвестиция стратегияси кўламини кенгайтиришдан иборат.

«Марказий Осиё Европа Иттифоқининг муҳим ҳамкори бўлиб, бу келажак учун улкан салоҳиятларни рўёбга чиқаради, — деди комиссар Йозеф Сикела. — Ҳозирги глобал муаммолар мустаҳкам шериклик зарурлигини ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ таъкидламоқда ва мен ўз миссиям давомида айнан шуни мустаҳкамламоқчиман».

Комиссарнинг қўшимча қилишича, миссия давомида асосий эътибор Европа Иттифоқи ва Марказий Осиёдаги ҳамкорлар сифатли иш ўринларини яратиш, бизнес учун янги имкониятлар очиш ва таълимдан тортиб замонавий инфратузилмагача бўлган асосий хизматларни яхшилаш учун биргаликда илгари сураётган Global Gateway`нинг асосий лойиҳаларига қаратилади.

Комиссарнинг ташрифи Global Gateway`нинг Марказий Осиёдаги асосий устувор йўналишларига қаратилади:

  • транспорт, транспортда ташиш вақтини қисқартириш ва савдони рағбатлантириш учун Транскаспий йўлагини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш;
  • илғор тажрибани илгари суриш, янги иш ўринларини яратиш ва иқтисодий барқарорликни ошириш учун муҳим хомашё;
  • рақамли ўзаро боғлиқлик — рақамли узилишни бартараф этиш ва хавфсиз, юқори тезликдаги интернетдан фойдаланишни кенгайтириш;
  • сув ресурслари, энергетика ва иқлим соҳаси, жумладан, ишончли, арзон ва тоза энергиядан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш учун барқарор инфратузилма қурилишини қўллаб-қувватловчи асосий лойиҳа.

Ташриф давомида комиссар ушбу соҳаларга оид бир қатор ҳужжатларни имзолайди.

Комиссарнинг минтақавий сафари Туркманистондан бошланади, у ерда ҳукумат раҳбарлари, шунингдек, хусусий сектор вакиллари билан учрашади. Шунингдек, комиссар Транскаспий транспорт йўлагини ривожлантириш бўйича стратегик нуқта — Туркманбоши портига ташриф буюради.

Қозоғистонда комиссар ҳукумат аъзолари билан учрашади, транспорт ва муҳим хомашё соҳасида икки томонлама ва минтақавий битимларни имзолаш маросимида иштирок этади. Шунингдек, Қозоғистон ва Европа Иттифоқи бизнес вакиллари билан учрашув режалаштирилган.

Тожикистонда комиссар ҳукумат раҳбарлари билан бир нечта учрашувларда иштирок этади. Шундан сўнг «яшил» энергетикага ўтиш ва маҳаллий пахта қийматини яратиш занжирини қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим лойиҳаларни имзолаш маросими бўлиб ўтади. Шунингдек, у Роғун гидроэлектростанциясига ташриф буюради.

Қирғизистонда комиссар ҳукумат аъзолари билан учрашиб, сув, энергетика, транспорт ва инсон салоҳиятини ривожлантириш соҳасидаги лойиҳаларни имзолаш маросимида иштирок этади. Шунингдек, у Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан мамлакатга сармоя киритиш имкониятларини муҳокама қилади. Қамбарота ГЭС — 1 қурилишини потенциал қўллаб-қувватлаш мавзулардан бири бўлади. Бундан ташқари, комиссар ёшлар ва БМТ вакиллари билан учрашади.

Еврокомиссарнинг турнеси Ўзбекистонда якунланади. Бу ерда у ҳукуматнинг юқори мартабали вакиллари билан учрашади, Олмалиқ кон-металлургия комбинатига ташриф буюради, шунингдек, ўзбекистонлик ва европалик тадбиркорлар билан фикр алмашади. Эртаси куни Сикела рақамли ўзаро боғлиқлик бўйича минтақавий лойиҳаларни имзолаш маросимида қатнашади.

Хабарда айтилишича, ташриф Team Europe руҳида бўлиб ўтади: миссиянинг турли қисмларида Европа Иттифоқи молия институтлари, Европа инвестиция банки ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки, шунингдек, Европа Иттифоқининг хусусий сектори ҳамда минтақада жойлашган аъзо давлатлар иштирок этади.

«Апрель ойи бошида бўлиб ўтадиган Европа Иттифоқи — Марказий Осиё тарихидаги биринчи саммит, шунингдек, июнь ойида ўтадиган Global Gateway форуми Европа Иттифоқи ва Марказий Осиёнинг узоқ муддатли таъсирни таъминлашга содиқлигини янада мустаҳкамлайди», — дейилади хабарда.

Global Gateway — Европа Иттифоқининг глобал инвестициявий тенгсизликни қисқартириш ва рақамли, энергетика ва транспорт соҳаларида интеллектуал ҳамда хавфсиз алоқаларни рағбатлантириш, шунингдек, соғлиқни сақлаш, таълим, тадқиқот тизимларини мустаҳкамлаш стратегиясидир.

Стратегияни амалга ошириш учун Европа Иттифоқи, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ва Европа тараққиётни молиялаштириш институтларини бирлаштирган Team Europe ёндашувидан фойдаланилади. Европа жамоаси 2021 йилдан 2027 йилгача 300 миллиард еврогача давлат ва хусусий инвестицияларни сафарбар этишни мақсад қилган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.