Давлат раҳбарлари бир-бирини кириб келаётган Наврўз байрами билан табриклаб, Ўзбекистон ва Қозоғистон халқларига тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилади.
Ўзбекистон-Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Савдо ҳажмини ошириш, саноат кооперацияси, транспорт, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги қайд этилди.
Етакчилар шу кунларда Қозоғистон шаҳарларида ўтказилаётган қўшма маданий-гуманитар тадбирларни юқори баҳолади.
Президентлар, шунингдек, олий ва юқори даражадаги бўлажак икки томонлама ва кўп томонлама тадбирлар жадвалини, жумладан, «Марказий Осиё плюс» форматидаги саммитларга тайёргарлик кўриш жараёнини ҳам кўриб чиқди.
Ўзбекистон президенти Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон билан ҳам телефонлашди.
Давлат раҳбарлари кириб келаётган Наврўз байрами билан бир-бирини қутлаб, соғлик, фаровонлик ва муваффақиятлар, икки мамлакат халқларига тинчлик ва фаровонлик тилади.
Томонлар аввал қабул қилинган битим ва келишувларни юқори даражада амалга ошириш масалаларига эътибор қаратди.
Фаол сиёсий мулоқотни давом эттириш, иқтисодиётнинг устувор тармоқларидаги ҳамкорлик лойиҳаларини, интенсив маданий-гуманитар ва ҳудудлараро алмашинув дастурларини қўллаб-қувватлаш ва илгари суриш муҳимлиги қайд этилди.
Март ойи охирида Тожикистонда бўлиб ўтадиган уч томонлама учрашув ва апрель-май ойларида «Марказий Осиё плюс» форматидаги саммитларга тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.
Тожикистон раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев Эмомали Раҳмонни Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги давлат чегараси тўғрисидаги шартнома имзолангани билан табриклаган.
Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўртасидаги суҳбатда ҳам кириб келаётган Наврўз байрами муносабати билан табриклар, икки мамлакат халқларига тинчлик ва фаровонлик тилаклари билдирилди.
Олий даражадаги келишувларни амалга ошириш, хусусан, савдо, саноат кооперацияси, логистика, энергетика, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа устувор йўналишлардаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик лойиҳалари муҳокама қилинди.
Томонлар транспорт, транзит ва энергетика инфратузилмасини ривожлантириш бўйича йирик минтақавий лойиҳаларни жадаллаштириш муҳимлигини қайд этди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарлари бўлажак уч томонлама саммитга, шунингдек, Самарқандда бўлиб ўтадиган «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» саммитига ҳамда Иқлим форумига тайёргарлик кўриш масалаларини алоҳида муҳокама қилди.
Қирғизистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, давлат раҳбарлари минтақавий ҳамкорлик масалаларини, шунингдек, Наврўз байрамини нишонлаш доирасида Хўжандда бўлиб ўтадиган Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон давлат раҳбарларининг уч томонлама саммитини муҳокама қилган.
«Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Садир Жапаровни қирғиз-тожик давлат чегарасини делимитация қилиш ишлари муваффақиятли якунлангани билан табриклаб, бу минтақада барқарорлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлганини таъкидлади», — дейилади хабарда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.