«Наврўз азалдан халқимизнинг миллий ва умумбашарий қадриятларга, дунёвий давлат тамойилларига, бағрикенглик, чин дўстлик ва ҳамкорлик ғояларига содиқлигининг яққол рамзидир», — дея қайд этди давлат раҳбари.
«Айниқса, инсоннинг табиат ва борлиқ билан уйғунлиги, яратувчанлик иштиёқи, ғайрат ва шижоати, ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат ва саховат каби олижаноб фазилатлари Наврўз тимсолида янада ёрқин намоён бўлади», — деди у.
Президент «халқимиз асрлар давомида оғир ва машаққатли, синовли пайтларда ҳам бу байрамни олижаноб табиати ва қадриятлари билан асраб-авайлаб келганини чинакам мўъжиза» деб таърифлади.
«Наврўзнинг бетакрор гўзаллиги, инсонпарварлик руҳи ва теран фалсафаси глобаллашув даврида ҳам бутун башариятни ҳайратга солаётгани унинг азалий моҳияти ва ҳаётбахш кучидан далолат беради», — деди Шавкат Мирзиёев.
У деҳқон ва фермерлар, боғбон ва чорвадорларга алоҳида эҳтиром изҳор этди.
Президент мамлакатда инсон қадрини улуғлаш, ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлаш, аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини юксалтириш йўлида қатъий қадамлар қўйилаётганини таъкидлади.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида «мамлакатда янги экологик муҳит яратилмоқда»:
«Ҳар йили миллионлаб кўчатлар экиш, яшил боғлар барпо этиш, ҳайвонот дунёсини асраб-авайлаш, ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш каби юксак экологик маданий қадриятлар кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланмоқда».
Шавкат Мирзиёев ёшларга мурожаат қилар экан, уларнинг ютуқларини қайд этиб, «сизлар Ватанимиз осмонида ёрқин юлдузлар бўлиб порлайдиган вақт келди» деди.
«Юртимиздаги беқиёс имкониятларни амалий натижаларга айлантириш учун тинимсиз ҳаракат қилинг!» — дея қайд этди у.
Президент бу йил маҳалла раислари сайлови бўлишини эслатиб, «халқимиз ушбу масъулиятли жараёнда фидойи ва ватанпарвар юртдошларимиз учун овоз беради», деб ишонч билдирди.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқи турли миллат ва элат вакилларини бирлаштириб туришини таъкидлаб, бизнинг кучимиз — бирлик ва аҳилликда, қудратимиз — Ватанга меҳр ва садоқатда, ютуғимиз — ўзимизга бўлган юксак ишончимизда!" деб таъкидлади.
У, шунингдек, шу кунларда Наврўз байрамини нишонлаётган Марказий Осиё минтақасидаги барча мамлакатлар аҳолисини табриклади.
«Том маънода дўстлик, қардошлик ва ҳамкорлик маконига айланаётган минтақамиз ҳамиша тинч бўлсин, ҳамиша гуллаб-яшнасин!» — деди президент.
У ой охирида Хўжанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон етакчиларининг уч томонлама учрашуви «мана шу йўлда яна бир амалий қадам бўлишига» ишонч билдирди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.