Президент жамиятда умуммиллий тотувликни мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирларни тасдиқлади
Президент Шавкат Мирзиёев 19 март куни «Умуммиллий тотувлик ва хориждаги ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлашни янги босқичга олиб чиқишга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги
қарорни имзолади.
Ҳужжат «умуммиллий тотувлик, бирдамлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, барча фуқароларга тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш, кўп миллатли халқнинг Ўзбекистон фаровонлигига дахлдорлигини кучайтириш, хориждаги ватандошлар билан алоқаларни ривожлантириш»га қаратилган.
Устувор вазифалар
Жамиятда умуммиллий тотувлик ва хориждаги ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамловчи устувор вазифалар қуйидагилардан иборат:
- миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш, жамиятда дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва бирдамликни мустаҳкамлаш орқали ягона фуқаровий ўзликни шакллантириш;
- Ўзбекистонда яшовчи барча миллат ва элатларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш орқали уларнинг умуммиллий тараққиётга дахлдорлигини кучайтириш;
- хориждаги ватандошлар жамоалари ва ўзбек диаспораларининг миллий ўзлигини сақлашга кўмаклашиш ҳамда уларнинг ижтимоий ва иқтисодий салоҳиятини ватан ривожига сафарбар этишни қўллаб-қувватлаш;
- халқ дипломатияси механизмлари орқали хорижий мамлакатлар билан ижтимоий-маданий ва дўстлик алоқалари ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлаш.
Фармонда «соҳани тубдан ислоҳ қилиш» назарда тутилган. Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси негизида
Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита ташкил этилади.
У миллатлараро муносабатлар ҳамда хориждаги ватандошлар масалалари соҳасида давлат сиёсатини амалга оширувчи, давлат органлари ва ташкилотларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини мувофиқлаштирувчи ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.
Қўмита бевосита Президент администрациясига ва Вазирлар Маҳкамасига ҳисобдор. Жойларда миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар билан ишлаш масалалари Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосарлари зиммасига юкланади.
Умуммиллий тотувликни мустаҳкамлаш учун нималар режалаштирилмоқда?
Фармонда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш бўйича қатор йўналишлар белгиланган:
- ҳар йили «Ўзбекистон ягона Ватан» шиори остида Ўзбекистондаги барча миллат ва элатлар вакилларининг ўзаро тенглиги, бирдамлигини, уларнинг Ўзбекистон тараққиётига қўшаётган ҳиссасини эътироф этувчи анжуман ташкил этилади;
- Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида биттадан кўчалар барча миллат ва элатларнинг маданияти, урф-одатлари ва анъаналарини, ўзаро уйғунлашган миллатлараро муносабатларни ифодалаган «Ўзбекистон маданий бойлиги» номли кўчаларга айлантирилади;
- «Биргаликда кучмиз» шиори остида турли миллат ва элатлар вакилларидан иборат эко-волонтёрлар иштирокида экологик акцияларни ўтказиб бориш орқали долзарб масалаларни ҳал этишда дахлдорликни англаш туйғуларини кучайтирилади;
- турли этно-маданий гуруҳларга мансуб таниқли шахслар иштирокида умуммиллий ҳамжиҳатликни таъминлашга қаратилган лойиҳалар, дастурларни амалга оширилади;
- турли миллат ва элатлар вакилларининг Ўзбекистон тарихи ва бугунги кундаги барқарор ривожланишига қўшаётган ҳиссаси ҳақида ҳикоя қилувчи фильмлар ва туркум кўрсатувлар яратилади.
Хориждаги ватандошлар билан алоқаларни қандай мустаҳкамлаш белгиланмоқда?
Ҳукумат БМТТДнинг
«Хориждаги ватандошлар орқали билимларни трансфер қилиш» (TOKTEN) дастури намунасида хориждаги ватандошларнинг Ўзбекистон иқтисодий қудратига қўшаётган ҳиссасини янада ошириш мақсадида
инновацион ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қиладиган инсон капитали трансферини амалга оширсин, бунда юқори малакали мутахассисларни барча соҳаларда сунъий интеллектни татбиқ этиш учун таълим, соғлиқни сақлаш ташкилотларига, қишлоқ хўжалиги ва хусусий сектор корхоналарига йўналтиришга қаратилган аниқ ташкилий ҳуқуқий механизмларни белгилайди.
Хориждаги ватандошларнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги иштирокини рағбатлантириш бўйича аниқ, асослантирилган таклифлар ишлаб чиқилиши керак. Бунда хориждаги ватандошлар, диаспора вакилларининг:
- тўғридан-тўғри инвестициялар киритишини қўллаб-қувватлаш;
- хайрия пул маблағларини ижтимоий фойдали ва мақсадли лойиҳаларни молиялаштиришга тўғридан-тўғри йўналтириш;
- капитал бозорига инвестициялар киритишини рағбатлантириш;
- туризмини ривожлантириш масалалари назарда тутилади.
Тадбиркорлик платформаларини яратиш, жамият ҳаётини ижтимоий иқтисодий ривожлантириш, экологик барқарорлик, сифатли таълим каби масалаларда ўзаро фикр-мулоҳаза алмашиш мақсадида экспертлик ва илмий доиралар вакиллари ҳисобланган хориждаги ватандошларнинг доимий мулоқоти кўринишида Uz Global Think форумини ўтказилади.
Бундан ташқари, 2025 йил 1 сентябрга қадар биродар ҳудудлар, дўстлик жамиятларини хорижий давлатлар билан ижтимоий-маданий алоқаларни ривожлантиришда «маданий кўприк»ка айлантириш кўзда тутилган.