Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас 27 мартда Ўзбекистонга келади

Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас 27 мартда Ўзбекистонга келади

27 март куни Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қозоғистон иштирокида бўлиб ўтадиган 20-Европа Иттифоқи — Марказий Осиё вазирлар йиғилишига иттифоқнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Европа комиссияси вице-президенти Кая Каллас раислик қилади. Бу ҳақда ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда 3−4 апрель кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган «ЕИ — Марказий Осиё» биринчи саммитига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинади.

Бундан ташқари, кун тартибида кенг кўламли масалалар: Россиянинг Украинага қарши урушининг минтақага таъсири, транспорт ва рақамли ўзаробоғлиқлик, муҳим минераллар, энергия ва сув ресурслари, савдо, халқлар ўртасидаги алоқалар, таълим ва тадқиқот бўйича муҳокамалар ўрин олган.

Вазирлар учрашуви олдидан Кая Каллас Туркманистон ва Тожикистон ташқи ишлар вазирлари Рашид Мередов ва Сирожиддин Мухриддин, шунингдек, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов билан икки томонлама учрашувлар ўтказади.

Европа дипломатияси раҳбари сўнг Тошкентга келади ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашади.

Кейин Кая Каллас Олмаотага боради ва у ерда 28 март, жума куни Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу билан учрашади. Бундан ташқари, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев билан икки томонлама учрашув ўтказади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.