«Ҳар бир норасмий учрашув муносабатларимизга катта суръат бағишлайди» — Мирзиёев Тўқаев билан учрашувда

«Ҳар бир норасмий учрашув муносабатларимизга катта суръат бағишлайди» — Мирзиёев Тўқаев билан учрашувда

Шавкат Мирзиёев 29 март куни Олмаота шаҳрида Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан норасмий учрашув ўтказди.

Президентлар икки мамлакат ҳукуматлари делегациялари иштирокида яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини изчил мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиқди.

«Ҳар бир норасмий учрашув муносабатларимизга катта суръат бағишлайди» — Мирзиёев Тўқаев билан учрашувда
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

Бош вазирлар ўринбосарларининг ўзаро савдони кўпайтириш, машинасозлик, электротехника, нефть-газ, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор тармоқларда етакчи корхоналарнинг кооперация лойиҳаларини илгари суриш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботлари тингланди.

Президентлар саноат кооперацияси бўйича узоқ муддатли дастурни шакллантириш, минтақавий аҳамиятга эга инфратузилмавий лойиҳаларни жадаллаштириш юзасидан аниқ топшириқлар берди. Жорий йилда Халқаро саноат кооперацияси марказини ишга тушириш бўйича амалий ишларни бошлаш, қўшма ташқи савдо компанияси фаолиятини кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Хабарга кўра, икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми йил бошидан буён 14 фоизга ўсди, 4 миллиард доллардан зиёд инвестиция лойиҳалари портфели шакллантирилди.

Ўзбекистон президенти икки мамлакат муносабатлари сўнгги йилларда бутунлай ўзгача тус олганини таъкидлаб, «Биз иттифоқчилармиз», дея қайд этди. У «Бизнинг шахсий муносабатларимиз сабабли кўплаб масалалар ҳал қилинмоқда ва нимагаки келишсак, амалга ошмоқда. Аниқ натижалар бор», дея қўшимча қилди.

«Катта жамоа билан келдим. Гарчи норасмий учрашув бўлсада, ҳар бир шундай норасмий учрашувимиз муносабатларимизга, барча келишувларимизга катта суръат бағишламоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.

Қосим-Жўмарт Тўқаев «Бу бизга қардош ва дўст давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш каби муҳим масала устида қандай ишлаётганимиз ҳақида ишчан муҳитда фикр алмашиш учун жуда яхши имкониятдир. Биз иттифоқдошмиз ва бутун Марказий Осиё минтақасидаги вазият кўп жиҳатдан мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг қай тарзда ривожланишига боғлиқ бўлади», деб таъкидлади.

У, шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг икки мамлакат халқларини яқинлаштириш йўлидаги шахсий ҳиссасини ҳамда минтақанинг барқарор ва хавфсиз ривожланишини таъминлаш бўйича умумий мақсадларни илгари суришдаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.

«Сизни Қозоғистонда яхши билишади, катта ҳурмат кўрсатишади. Сизнинг кучли ва нуфузли раҳбарлигингиз остида Ўзбекистон жадал суръатлар билан ривожланмоқда… Ўзбекистон иқтисодиёти қанчалик тараққий этса, мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳам шунчалик яхши ва сифатли ривожланиб боради», — дея таъкидлади у.

Музокаралар олдидан президентлар Олмаота тоғ кластери ва машҳур «Медеу» тоғ спорт мажмуасига ташриф буюрди.

«Ҳар бир норасмий учрашув муносабатларимизга катта суръат бағишлайди» — Мирзиёев Тўқаев билан учрашувда
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти денгиз сатҳидан 1750 метр баландликда сел оқимларидан ҳимояланиш мақсадида қурилган «Медеу» тўғонининг барпо этилиш тарихи ва меъморий хусусиятлари билан танишди.

«Медеу» тўғонининг чўққисига 842 поғонали «Саломатлик зинапояси» олиб боради. 2011 йилда тўғон ёнида «Шимбулоқ» тоғ чанғи курортига қадар 4,5 км узунликдаги канат йўли барпо этилган.

«Ҳар бир норасмий учрашув муносабатларимизга катта суръат бағишлайди» — Мирзиёев Тўқаев билан учрашувда
Қозоғистон президенти матбуот хизмати.

«Медеу» спорт мажмуаси 1972 йилда қурилиб, денгиз сатҳидан 1700 метр баландликда жойлашган. Мажмуанинг муз майдони 10,5 минг квадрат метрни ташкил этади ва 3000 кишини сиғдира олади. Ҳар йили уни 400 мингдан ортиқ Олмаота аҳолиси ва меҳмонлари ташриф буюради.

Мажмуа спорт, сайёҳлик ва маданият маркази сифатида фаолият юритади. Бу ерда мунтазам равишда спорт мусобақалари, оммавий конькида учиш, маданий тадбирлар ва фестиваллар ўтказиб келинмоқда.

2011 йилда бу ерда VII қишки Осиё ўйинлари, 2017 йилда эса Бутунжаҳон Универциада мусобақалари бўлиб ўтган.

«Ҳар бир норасмий учрашув муносабатларимизга катта суръат бағишлайди» — Мирзиёев Тўқаев билан учрашувда
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

«Ҳар бир норасмий учрашув муносабатларимизга катта суръат бағишлайди» — Мирзиёев Тўқаев билан учрашувда
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Танишув чоғида Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари ёш фигурали учувчиларнинг кўргазмали чиқишларини томоша қилди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.