Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Хўжандга етиб борди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Хўжанд шаҳрига келди, дея
хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.
Аэропортда давлат раҳбарини Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон кутиб олди. Ўзбекистон раҳбарининг ташрифи шарафига давлат байроқлари кўтарилди.
31 март куни Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон президентларининг уч томонлама учрашуви бўлиб ўтади. Кун тартибига мувофиқ, дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади.
Музокаралар якунида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартномани имзолаш режалаштирилган.
Президентлар санъат усталари иштирокидаги қўшма концертда ҳам иштирок этади.