Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 31 март куни Хўжанд шаҳрида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан уч томонлама учрашувда иштирок этди.
Учрашув аввалида давлат раҳбарлари бир-бирларини муборак Рамазон ҳайити ҳамда Наврўз байрами билан қутладилар, биродар халқларга тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилади.
Шавкат Мирзиёев Тожикистон ва Қирғизистон томонларини барча масалалар узил-кесил ҳал этилгани ҳамда Давлат чегарасини делимитация қилиш тўғрисидаги шартнома имзолангани билан самимий табриклади.
Ушбу ҳужжат, шунингдек, уч мамлакат давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисида имзоланаётган шартнома барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашга, бутун минтақанинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилиши таъкидланди. Тантанали равишда очилган Дўстлик стеласи эса қардош мамлакатлар ўртасида мустаҳкамланиб бораётган яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шериклик муносабатларининг янги рамзига айланиши қайд этилди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Қирғизистон ва Тожикистон билан товар айирбошлаш ҳажми ўн каррадан зиёдга ошгани қайд этилди. Бу ҳажмнинг деярли ярми чегараолди ҳудудларга тўғри келади.
Шу боис чегаралардаги божхона пунктларини комплекс модернизация қилиш ва кенгайтириш, қулай, замонавий савдо ва логистика инфратузилмасини шакллантириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Уч томонлама савдо майдончасини ташкил этиш, саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг доимий фаолият кўрсатадиган кўргазма-ярмаркасини йўлга қўйиш масаласини ўрганиш таклиф этилди.
Кооперацияни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон раҳбари қўшма инвестиция жамғармалари капиталини босқичма-босқич оширишга тайёрлигини билдирди.
Мамлакатлар ўртасида транспорт алоқаларини ривожлантириш борасидаги ишларни давом эттиришга келишиб олинди. Бу авиақатновлар сонини кўпайтириш ва географиясини кенгайтириш, чегараолди ҳудудлардаги шаҳарлар ўртасида янги автобус йўналишларини йўлга қўйишни ўз ичига олади.
«Яшил» энергетика ва транспорт соҳаларидаги йирик минтақавий лойиҳалар, сув ва экология дастурларини илгари суриш диққат марказида бўлди.
Ўзбекистон президенти ҳукуматлар иқтисодий йўналишда янада фаол ишлаб, халқлар фаровонлигини оширишга қаратилган тезкор, реал натижалар бериши лозимлигини алоҳида таъкидлади.
Шу кунларда Хўжанд шаҳрида қатор маданий-гуманитар тадбирлар ўтказилаётгани халқлар, айниқса, ёшлар ўртасида дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги тарихий шартнома имзоланди ҳамда уч давлат раҳбарларининг қўшма декларацияси қабул қилинди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.