Наманган вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ шаҳар ҳокимининг ноқонуний ўрнатилган радарларни олиб ташлаш ҳақидаги хатига жавоб қайтарди. Унда ҳокимликлар тасарруфидаги машиналарда жами 25 млн сўмга яқин тўланмаган жарималар борлигини эслатди.
Мурожаатда аҳоли билан учрашувлар чоғида автоматик фото ва видеокамералар қайд этган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима солингани муносабати билан норозилик билдирилаётгани таъкидланган.
UzNews.uz мухбирининг Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизматига таяниб хабар беришича, Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Мансур Газиев Наманган шаҳар ҳокими Анвар Отахўжаевнинг хатига жавоб қайтарган.
“Президентнинг 2018 йил 30 октябрдаги ПҚ 3989-сонли қарорига асосан 8 та чорраҳага, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 апрелдаги 232-сон қарорига асосан Наманган шаҳрида тадбиркорлик субъектлари томонидан 3 та чорраҳа ва 5 та тўғри йўл участкасига, президентининг 2022 йил 4 апрелдаги ПҚ 190-сонли қарорига асосан вилоят ҳокимлиги томонидан 6 та чорраҳа ва 5 та тўғри йўл участкасига йўл ҳаракати қоидалари бузилишини қайд этувчи махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник қурилмалари ўрнатилган.
Қурилмалар қоидабузар ҳайдовчиларга нисбатан чора кўриш ҳамда автомобиль йўлларида тартибли ҳаракатни таъминлаш орқали инсон хавфсизлигини ишончли ҳимоя қилиш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтиришга хизмат қилмоқда.
Масалан, Наманган шаҳри, Давлатобод ҳамда Янги Наманган туманлари ҳудудидаги қурилмалар айнан ЙТҲ ўчоқлари ҳисобланган жойларга ўрнатилган бўлиб, бу йўналишларда 2024 йилда пиёдалар билан боғлиқ 156 та ЙТҲ содир этилган. Шундан 13 таси ўлим билан, 143 таси эса тан жароҳат билан якунланган. Оғир оқибатларга олиб келган ЙТҲларнинг 70 фоизи ҳайдовчиларнинг тезликни меъёридан оширганликлари оқибатида юзага келган. Жорий йилда эса тезликни қайд қилиш қурилмалари назорати сабабли мазкур йўналишларда ўлим билан якунланган ЙТҲлар содир этилмади”, дейилган вилоят ЙҲХБси жавоб хатида.
Шунингдек, хатда Наманган шаҳар ҳокимлиги тасарруфидаги Captiva русумли 50 02 DAV давлат рақам белгили транспорт воситаси томонидан 2024 йилда умумий 47 та қоидабузарлик содир этилганлиги қайд этилиб, шундан 32 та ҳолатда 8 170 000 сўм миқдорида муддати ўтган тўланмаган жарималар борлиги маълум қилинган.
“Ҳокимликнинг бошқа транспорт воситалари томонидан (50 023 DAV, 50 024 DAV, 50 025 DAV, 50 028 DAV) жами 41 та қоидабузарлик бўйича 18 млн 750 минг сўм, Давлатобод ва Янги Наманган туманлари ҳокимликлари тасарруфидаги (50 074 DAV, 50 075 DAV, 50 016 DAV, 50 017 DAV, 50 019 DAV ва 50 022 DAV) транспорт воситалари томонидан жами 46 та қоидабузарлик бўйича 16 млн 307 000 сўм миқдорда муддати ўтган тўланмаган жарималар мавжуд экани аниқланди", дейилади ҳокимга жавоб хатида.
Вилоят ЙҲХБ бошлиғи ҳокимдан Наманган шаҳар, Давлатобод ва Янги Наманган туманлари ҳокимликлари тасарруфидаги машиналар томонидан содир этилаётган сурункали қоидабузарликларни танқидий муҳокама қилишини ҳамда муддати ўтган жарималарни ундиришда амалий ёрдам кўрсатишни сўраган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.