РФ у ёки бу гуруҳнинг Марказий Осиёда ҳукмронлик ўрнатишга уринишларига қарши — Сергей Лавров

РФ у ёки бу гуруҳнинг Марказий Осиёда ҳукмронлик ўрнатишга уринишларига қарши — Сергей Лавров

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Самарқандга ташрифи чоғида журналистлар билан суҳбатда тобора оммалашиб бораётган «Марказий Осиё+» ҳамкорлик формати ҳақида фикр билдирди. Россия ТИВ матбуот хизмати суҳбат стенограммасини эълон қилди.

Сергей Лавров 2025 йил кузига мўлжалланган «Марказий Осиё + Россия» саммитига тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилди.

«Кейинги саммит октябрь ойида Душанбедаги МДҲ саммити доирасида бўлиб ўтади. Биз бу ўзаро ҳамкорлик айнан ўзаро манфаатли бўлиши ва ушбу жараённинг барча иштирокчиларига мос келадиган келишувларга асосланиши мумкинлигидан келиб чиқамиз», — деди Россия ТИВ раҳбари.

Шу билан бирга, у Россия томони «ҳамкорлик жараёнларининг сиёсийлаштирилишига, у ёки бу мамлакатлар гуруҳининг ушбу ва бошқа геосиёсий маконларда ҳукмронлик ўрнатишга уринишлари билан боғлиқ мафкуравий элементларнинг киритилишига қарши» эканини қўшимча қилди.

Сергей Лавровнинг фикрича, бундай уринишлар «Ғарблик ҳамкасбларнинг Марказий Осиё „бешлиги“ билан ўзаро муносабатларига» ёндашувларида яққол намоён бўлмоқда.

«Айниқса, Европа Иттифоқи аъзолари, Европа Комиссиясининг Брюсселдаги раҳбарияти алоҳида ажралиб турибди, улар минтақада ўз кун тартибини очиқчасига антироссия тарафкашлиги билан олға силжитишга ҳаракат қилмоқда. Биз иттифоқчиларимиз ва стратегик ҳамкорларимизнинг кўп векторли сиёсат олиб боришига қарши эмасмиз. Биз ўзимиз ҳамиша барча геосиёсий ва географик соҳаларда ўзаро манфаатли келишувларга эришишдан манфаатдормиз. Лекин Марказий Осиёнинг айрим ҳамкорлари, биринчи навбатда, Ғарб давлатлари Марказий Осиё давлатларининг ҳукумат тузилмаларига, жумладан, чегара, статистика ва божхона иши каби нозик соҳаларга кўпроқ кириб боришга қаратилган дастурларга маблағ ажратиш орқали ўзаро манфаатли лойиҳаларни таклиф қилиб қолмай, ўз манфаатларини илгари суришга ҳаракат қилмоқда», — деди Россия ТИВ раҳбари.

Унинг қўшимча қилишича, буни «маъқуллаб бўлмайди ва Марказий Осиё давлатлари буни кўриб турибди». Лавровнинг сўзларига кўра, улар «Ғарб давлатлари илгари сураётган мақсадларни жуда яхши тушунмоқда ва ўзини имкон қадар ҳимоя қилиш учун барчасини қилмоқда».

«Шунинг учун биз Марказий Осиё ва ташқи ҳамкорлар ўртасидаги ҳамкорлик жараёнларини (нарсаларни ўз номи билан атасак) ички ишларга аралашишга бўлган бундай очиқдан-очиқ уринишлардан озод қилиш тарафдоримиз. Биз ҳеч қачон ҳеч ким билан бундай қила олмаймиз», — деди Россия ТИВ раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ апрель ойида Самарқандда минтақанинг бешта давлати раҳбарлари, Европа кенгаши президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен иштирокида «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» саммити бўлиб ўтган эди. Натижада МО давлатлари ва ЕИ раҳбарлари томонлар ўртасидаги муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтарувчи декларацияни қабул қилди. Ҳужжат савдо, транспорт, энергетика, рақамли алоқа ва сув ресурсларини бошқаришни ривожлантиришга қаратилган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.