Тошкентда журналистлар билан учрашув чоғида АҚШ элчиси Жонатан Хеник Ўзбекистон фуқаролари учун Америка визаларини олишдаги қийинчиликлар нима билан боғлиқлигини тушунтирди ва виза режимини соддалаштириш истиқболлари ҳақида гапирди.
Тадбирда UzNews.uz нашри бош муҳаррири Бекзод Юсупов ҳам иштирок этиб, элчига мамлакатнинг кўплаб фуқароларини ташвишга солаётган савол билан мурожаат қилди.
Савол: Одамлар кўпинча АҚШда виза олиш жуда қийинлигини айтишади. Шу ўринда савол туғилади бу жараённи, айниқса, Ўзбекистон фуқаролари учун соддалаштириш режалаштириляптими?
Элчи Жонатан Ҳеникнинг жавоби: Бу ҳақиқатан ҳам муҳим ва кўпчиликни ташвишга солаётган савол. Келинг, нима учун АҚШда виза олиш аслида қийинлигини тушунтириб бераман.
Аввало, икки турдаги визалар мавжудлигини тушуниш керак: иммиграцион ва ноиммиграцион.
Иммиграция визалари
Улар АҚШга доимий яшаш учун кўчиб ўтмоқчи бўлганлар учун мўлжалланган. Хабарингиз бор, бизда ҳали ҳам грин-карта лотереяси дастури мавжуд ва ҳар йили 4000 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари унда ғолиб бўлиб, АҚШга кўчиб ўтиш имкониятига эга бўладилар.
«Бундай имкониятни дунёнинг ҳеч бир давлати бермайди. АҚШ бу борада жуда сахий бўлган ва умид қиламанки, шундай бўлиб қолади. Бу қонуний иммиграция усули,» деди элчи.
Ноиммиграцион визалар
Булар вақтинча бўлиш визалари: туристик, ишбилармонлик, талабалик ва ҳ.к. Бу ерда ҳамма нарса ариза берувчининг ўзига боғлиқ. У консуллик офицерига виза муддати тугаганидан кейин АҚШда қолиш нияти йўқлигини ишонарли тарзда исботлаши керак.
«Биз кўплаб ўзбекистонликлар ишлаш ва оилаларига пул юбориш учун АҚШда қолишни хоҳлашини тушунамиз бу табиий истак. Аммо улар мамлакатда қолиш учун талабалик ёки сайёҳлик визасидан фойдаланишса, бу муаммога айланади. Бундай ҳолатлар кўпайиб кетганда, консуллик офицерлари ҳақиқий сайёҳларни ўзини шундай кўрсатаётганлардан ажратиши қийин бўлади,» дея таъкидлади дипломат.
Нима учун рад этишлар содир бўлади?
Элчининг таъкидлашича, ҳақиқий сайёҳлар ёки ишбилармонлар ҳам рад жавобини олишади ва бу афсусланарли.
«Ишонинг, бу сайёҳларни киритишни хоҳламаганимиз ёки бизнес ҳамкорлигига халақит бераётганимиз учун эмас. Шунчаки, консуллик офицери қонунга кўра, одамнинг АҚШда қолмоқчи эмаслигига ишонч ҳосил қилиши керак. Бу қонуний талаб,» деди у.
Ариза бериш жараёни мураккаб эмас.
Аризани воситачиларсиз, мустақил равишда онлайн топшириш мумкин. Барча шакллар тушунарли, виза бўйича қарор деярли дарҳол қабул қилинади, паспортлар эса тезда қайтарилади.
«Шундай қилиб, «виза олиш қийин» дейилганда, ариза бериш жараёни эмас, балки натижа назарда тутилади ва ҳа, ҳақиқатан ҳам қийин бўлиши мумкин,» деди элчи.
Келажак истиқболлари
Элчи вазият яхшиланишига ишонч билдирди:
«Ишончим комилки, 5-10 йилдан кейин, Ўзбекистон иқтисодий ривожланиб, икки томонлама муносабатлар мустаҳкамланиб боргани сари, ноқонуний кетишга интилаётганлар камаяди ва виза олиш осонлашади,» деди у.
Умумий тренд ижобий
Қийинчиликларга қарамай, элчи АҚШ ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ аризалар қабул қилаётгани ва кўпроқ визалар бераётганини таъкидлади.
«Кўпроқ ўзбекистонликлар АҚШга келмоқда ва тобора кўпроқ америкаликлар Ўзбекистонга сайёҳлар ва ишбилармонлар сифатида ташриф буюрмоқда. Баъзи рад этиш ҳолатларига қарамай, умумий манзара ижобий,» дея хулоса қилди Жонатан Хеник.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.