«Давлат хизмати функционал жиҳатдан рақамли, моҳиятан инсоний бўлиши лозим». Самарқанддаги форумнинг асосий маърузалари

«Давлат хизмати функционал жиҳатдан рақамли, моҳиятан инсоний бўлиши лозим». Самарқанддаги форумнинг асосий маърузалари

XXI аср давлат хизмати тамойиллари 23 июнь куни Самарқандда Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётган БМТнинг давлат хизмати масалалари бўйича форумида муҳокама қилинди. Тадбирда вазирлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, экспертлар ва амалиётчилар давлат бошқаруви келажаги, рақамли трансформация ва давлат хизматчиларининг роли ҳақида сўз юритди, деб хабар беради Gazeta мухбири.

Форумни Ўзбекистон президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева очиб, иштирокчиларга давлат раҳбарининг табригини етказди. Мурожаатномада Шавкат Мирзиёев давлат хизматини рақамли трансформация қилиш, инновацияларни жорий этиш ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.

«Давлат хизмати функционал жиҳатдан рақамли, моҳиятан инсоний бўлиши лозим». Самарқанддаги форумнинг асосий маърузалари
Фото: Saida Mirziyoyeva / Telegram.

БМТ бош котибининг иқтисодий ривожланиш бўйича ёрдамчиси Навид Ҳаниф БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг давлат хизматчиларининг «яхши келажакнинг кўзга кўринмас меъморлари» сифатидаги роли таъкидланган мактубини ўқиб эшиттирди.

Мурожаатда таъкидланишича, айнан давлат хизматчилари хавфсизлик, таълим, соғлиқни сақлаш, одил судлов ва барқарор ривожланишни таъминлайди, кўпинча шахсий қулайликлардан воз кечади.

«Давлат хизмати функционал жиҳатдан рақамли, моҳиятан инсоний бўлиши лозим». Самарқанддаги форумнинг асосий маърузалари
Навид Ҳаниф. Фото: Орифжон Хошимов / Gazeta.

БМТ раҳбарининг сўзларига кўра, давлат институтларининг сифатли ишлаши фидойи, малакали мутахассисларсиз мумкин эмас, чунки айнан улар ҳокимиятга ишончни шакллантиради ва самарали бошқарувни таъминлайди.

«Давлат хизматидаги меҳнат кўпинча камситилаётган ёки танқид қилинаётган бир шароитда бутун дунё бўйлаб янада мустаҳкам жамоалар қуриш, инсон қадр-қимматини ҳимоя қилиш ва БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишни жадаллаштиришга интилаётган барча аёллар ва эркакларнинг иштиёқи ва фидойилигини эътироф этиш айниқса муҳимдир. Давлат хизматчилари биз учун ҳар куни ишлайди. Келинг, ушбу муҳим кунда уларни табриклаш учун вақт топайлик», — дея хулоса қилди Антонио Гутерриш ўз мурожаатида.

Навид Ҳаниф 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) улкан бўлса-да, уларнинг бажарилиши сезиларли даражада орқада қолаётганидан огоҳлантирди. Унинг таъкидлашича, мақсадларнинг 75 фоизи давлат хизматларини кўрсатишнинг самарали тизимини талаб қилади, шунинг учун нафақат давлат ваъда бергани, балки бу ваъдаларни қанчалик тез ва сифатли бажариши ҳам муҳимдир.

Навид Ҳаниф тўртта асосий тамойилни ажратиб кўрсатди:

  1. Рақамли инфратузилмани ижтимоий манфаат сифатида ривожлантириш. Бош котиб ёрдамчисининг сўзларига кўра, технологиялар шунчаки самарадорлик воситаси эмас, балки адолат ва ишонч дастакларидир. Навид Ҳаниф Эстония, Грузия ва Руанда тажрибасини мисол қилиб келтирди, бу ерда ягона рақамли асос — электрон гувоҳномалардан тортиб маълумот алмашиш тизимларигача — таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимояга киришни тубдан ўзгартирди.
  2. Ажратилганларни бирлаштириш. Навид Ҳаниф таъкидлаганидек, интернетга уланишсиз рақамли трансформация янги турдаги четлаштиришга олиб келади. Бугунги кунда энг кам ривожланган мамлакатлар аҳолисининг атиги 27 фоизи тармоққа уланиш имкониятига эга, айниқса қишлоқ жойлар, аёллар ва ногиронлиги бўлган шахслар бу борада орқада қолмоқда. У интернетга уланишни асосий ҳуқуқ сифатида, рақамли саводхонликни эса анъанавий саводхонлик билан бир қаторда мажбурий деб ҳисоблашни таклиф этди.
  3. Рақамли ечимларни инсонлар эҳтиёжларига мослаштириш. Ҳаниф фойдаланиш қулайлиги, қайта алоқа, офлайн функциялар ва маҳаллий шароитларга мослашишга эътибор қаратишга даъват этди. Унинг фикрича, технологиялар нафақат меъёрий талабларга, балки одамларнинг ҳақиқий эҳтиёжларига ҳам хизмат қилиши лозим.
  4. Онгли равишда инвестиция киритиш ва харид қилиш. Нотиқ рақамли трансформацияни бир марталик сармоя эмас, балки бюджетнинг доимий қисми сифатида кўриш кераклигини таъкидлади. У давлат харидларини очиқ стандартлар, ахлоқий сунъий интеллект ва жамиятга фойда келтирадиган ечимларга устуворлик берган ҳолда ташкил этишга чақирди.

Хулоса қилиб айтганда, Навид Ҳаниф бугунги кунда вазирлар шунчаки идора раҳбарлари эмас, балки тенглик, адолат ва қулайлик етакчилари эканлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, рақамли трансформация энди ҳашамат эмас, балки инклюзивликнинг асосидир. Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги муваффақият ушбу технологияларнинг одамларга қанчалик етиб боришига боғлиқ бўлади — бу узоқ қишлоқдаги бола ёки кекса аёл бўладими.

Малайзия бош вазири ўринбосари Фадиллаҳ Юсуф асосий мурожаат билан чиқди. Унинг таъкидлашича, форумда нутқ сўзлаш имконияти Малайзияда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг эътирофидир. У мамлакат бош вазири томонидан тақдим этилган Мадани фалсафаси ҳақида гапирди. Мадани — барқарорлик, инновация, ишонч, ҳурмат ва раҳм-шафқат тамойилларига асосланган бошқарув концепцияси. У нафақат мақсадларни, балки уларга эришиш усулларини ҳам белгилайди.

«Давлат хизмати функционал жиҳатдан рақамли, моҳиятан инсоний бўлиши лозим». Самарқанддаги форумнинг асосий маърузалари
Фадиллаҳ Юсуф. Фото: Орифжон Хошимов / Gazeta.

Ислоҳотлар доирасида шаффофлик, етакчилик ва ҳисобдорликни давлат аппаратининг асоси сифатида мустаҳкамлаган El Tizam қонунига асосланган «Давлат хизматини ислоҳ қилиш» дастури амалга оширилмоқда. Ислоҳотлар туфайли эришилган натижалар орасида:

  • 77 фоиздан ортиқ (10 мингдан ортиқ) давлат хизматларини онлайн форматга ўтказиш;
  • федерал ва маҳаллий даражада бюрократик юкламани 60 фоизга камайтириш;
  • иқтисод қилинган 9 млрд. рингит (2 млрд. доллардан ортиқ) давлат маблағлари;
  • 38 мингдан ортиқ ортиқча лавозимларни тугатиш.

Нутқини якунлар экан, Фадиллаҳ Юсуф Малайзия инсонга йўналтирилган ва чақириқларга жавоб бера оладиган барқарор давлат хизматини шакллантиришга интилаётганини таъкидлади. У БМТнинг давлат хизмати масалалари бўйича форумини нафақат илғор тажриба алмашиш, балки глобал трансформация шароитида давлат хизмати тушунчасини қайта кўриб чиқиш учун муҳим платформа деб атади.

«Давлат хизмати XXI асрда қотиб қолган бюрократия бўлиб қолмаслиги керак. У динамик — шаклан ахлоқий, функционал жиҳатдан рақамли ва моҳиятан инсоний бўлиши лозим. Рақамли трансформациянинг ҳақиқий муваффақияти алгоритмлар ва тизимлар сони билан эмас, балки унинг одамлар ҳаётини қанчалик яхшилаётгани билан ўлчанади,» — деди Малайзия бош вазири ўринбосари.

Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ҳам нутқ сўзлади. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда 208 та давлат хизматлари марказлари фаолият юритмоқда, ягона портал орқали 760 дан ортиқ онлайн хизматлар мавжуд. 200 дан ортиқ давлат ахборот тизимларини бирлаштирган рақамли платформа ҳар куни 12 миллионга яқин сўровларни қайта ишлайди.

11 миллиондан ортиқ киши электрон хизматлардан фаол фойдаланмоқда, сунъий интеллект технологиялари эса аллақачон ҳуқуқий таҳлил, солиқларни ҳисоблаш ва фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш учун қўлланилмоқда.

«Давлат хизмати функционал жиҳатдан рақамли, моҳиятан инсоний бўлиши лозим». Самарқанддаги форумнинг асосий маърузалари
Шерзод Шерматов. Фото: Орифжон Хошимов / Gazeta.

Шунингдек, у Ўзбекистон президенти иқтисодиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича аниқ стратегик йўналишни белгилаб олганини таъкидлади. 2030 йилга бориб мамлакат ИТ-хизматлар экспортини 5 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон БАА билан биргаликда «Бир миллион дастурчи» лойиҳасини ишга туширган ва хусусий инвесторлар кўмагида умумий қуввати 500 МВтдан ортиқ бўлган 20 та маълумотлар марказини қурмоқда.

Шерзод Шерматов Самарқанддаги форум нафақат тажриба алмашиш, балки аниқ ечимлар ва янги ҳамкорликлар учун майдон эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, форум доирасида самарали, инклюзив ва инновацион давлат бошқаруви соҳасида глобал ҳамкорлик асосларини яратувчи Самарқанд вазирлар декларацияси қабул қилинади.

Вазирнинг таъкидлашича, декларация лойиҳаси рақамли трансформация, инновациялар ва маълумотлардан масъулиятли фойдаланиш орқали БРМга эришиш бўйича тараққиётни жадаллаштиришга интилишни акс эттиради.

Ҳужжат еттита асосий устуворликни ўз ичига олади:

  1. Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун рақамли трансформация — бу, айниқса, таълим, соғлиқни сақлаш, адлия ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида шаффофлик, самарадорлик ва қулайликни ошириш учун давлат хизматларини технологиялар ёрдамида модернизация қилишдир.
  2. Инновациялар ва илғор технологиялар — бошқарув тизимларини тубдан ўзгартириш учун сунъий интеллект, блокчейн, «буюмлар интернети» ва катта ҳажмдаги маълумотларни масъулият билан жорий этиш.
  3. Маълумотларни ишончли бошқариш — ахлоқ, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, ажратилган маълумотларни тўплаш ва далилларга асосланган қарорлар қабул қилишга эътибор қаратиш.
  4. Инклюзивлик ва тенглик — рақамли тенгсизликнинг олдини олиш ва ёшлар, чекка ҳудудлар аҳолиси, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай имкониятларни таъминлаш.
  5. Киберхавфсизлик ва рақамли ҳуқуқлар — янги технологиялардан фойдаланишда махфийлик, фойдаланувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ахлоқий меъёрларни шакллантириш.
  6. Иқлим ва барқарорлик — иқлим мақсадларини рақамли стратегияларга интегратсиялаш, энергия тежамкор ва экологик инфратузилмани ривожлантириш
  7. Глобал ҳамкорлик — Шимол-Жануб, Жануб-Жануб форматлари ва уч томонлама ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш.

Рақамли технологиялар вазири декларация лойиҳаси барча иштирокчилар учун ўрганиш ва якуний матнни тайёрлашда ҳисобга олинадиган таклифлар учун очиқ эканлигини маълум қилди. У ҳужжат шунчаки баёнот эмас, балки умумий мажбурият эканлигини таъкидлаб, Самарқанд рақамли ва адолатли келажак сари ҳаракатланишнинг бошланғич нуқтаси бўлишига умид билдирди.

«Самарқанднинг танланиши бежиз эмас. Айнан шу ерда, Евроосиёнинг юрагида келажак ғоялари туғилади. Бу ерда, Ўзбекистонда, сиз билан биргаликда биз давлат хизматининг замонавий моделини қурмоқдамиз — бунда фуқаро эътибор марказида бўлади, технологиялар эса ўзгаришлар воситасига айланади», — деди вазир.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.