Қонунчилик палатаси қонунни 27 май куни қабул қилганди.
Ялпи мажлисда марузачи сенатор Жамила Бобаназарова 1963 йил 21 майда қабул қилинган Ядровий зарар учун фуқаролик жавобгарлиги тўғрисидаги Вена конвенциясини атом энергияси халқаро агентлиги ҳомийлигида ишлаб чиқилган асосий халқаро-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланишини эслатди.
Мазкур Конвенция муқаддима ва 29 та моддадан иборат бўлиб, 1963 йил 21 май куни қабул қилинган. Ҳозирги вақтда Конвенцияга 47 та давлат, шу жумладан, Қозоғистон, Россия, Беларусь, Украина, Арманистон ва бошқа давлатлар аъзо ҳисобланади.
Вена конвенциясининг мақсади — ядровий қурилма оператори томонидан бошқариладиган иншоотларда содир бўлган ҳодисалар натижасида юзага келган ядро зарари учун операторнинг жавобгарлигини, шунингдек, ядро зараридан молиявий ҳимояни таъминлаш учун минимал талабларни белгилашдан иборат.
Конвенцияга мувофиқ операторнинг ядровий зарар учун мутлақ жавобгарлиги белгиланган. Агар зарар қуролли можаро, фуқаровий уруш, исён ёки фавқулодда табиий офатлар натижасида юзага келган бўлса, ёхуд ядровий иншоотнинг ўзига ёки операторга тегишли мулкка зарар етказилган бўлса, оператор жавобгарликдан озод этилади.
Конвенция ядро қурилмаси операторининг фуқаролик жавобгарлигининг минимал чегарасини 5 миллион АҚШ доллари миқдорида белгилайди.
Бунда доллар тушунчаси 1963 йил 29 апрелдаги расмий олтин паритети бўйича белгиланган қийматни англатади, яъни бир трой унция соф олтин 35 АҚШ долларига тенг бўлган.
Шу билан бирга, Конвенция иштирокчиси бўлган давлат миллий қонунчилигида ядро қурилмаси операторининг фуқаролик жавобгарлиги чегарасини белгилаб қўйиши шарт. Бунинг учун у молиявий жавобгарликнинг аниқ миқдорини ва уни таъминлаш тартибини белгиловчи тегишли ички меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиши лозим.
Маълумот учун, 1963 йилдаги олтин паритети асосида белгиланган 5 миллион АҚШ доллари бугунги кунда тахминан 480 миллион АҚШ долларига тенг бўлмоқда.
Таъкидланишича, даъволарни топшириш муддати ядровий ҳодиса юз берган пайтдан бошлаб 10 йил билан чекланади. Бундан ташқари, Конвенция ядровий ҳодиса содир бўлган давлат ҳудудидаги миллий судларнинг юрисдикциясини зарарни қоплаш тўғрисидаги даъволарни кўриб чиқишда ягона ваколатли орган сифатида тан олади.
Атом энергияси бўйича халқаро агентлиги:
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Вена конвенциясига қўшилганидан сўнг, ядро хавфсизлиги соҳасидаги халқаро шартномаларга, хусусан:
Муҳокама вақтида сенатор Дилбар Сувонова Ўзбекистон ушбу конвенцияга қўшилгандан сўнг қандай ҳуқуқий мажбуриятлар олиши ҳақида савол берди. Саволга «Ўзатом» раҳбари Азим Ахмедхаджаев жавоб берди.
Сенатор Маҳмуджон Тоиров юзага келиши мумкин бўлган техноген ҳодисалар натижасида аҳоли ва атроф-муҳитга етказилган зарарларни баҳолаш, компенсация тўлаш, халқаро ҳуқуқий ва фуқаролик жавобгарлигини таъминлаш юзасидан қандай халқаро стандартлар ҳамда ҳуқуқий ёки институционал механизмларни жорий этиш режалаштирилаётгани билан қизиқди.
«Техноген ҳодисаларда ва табиатга етказилган зарарни баҳолаш ва компенсация бериш учун, биринчидан, Вена конвенцияси ва МАГАТЕ стандартлари асосида суғурта, махсус жамғарма, давлат кафолати каби механизмлар жорий этилади. Кейин суд ва маъмурий тартиб-таомиллар орқали даъволарни ҳал қилиш тизимлари яратилади. Ва учинчидан, жаҳон амалиётини биз ўрганиб чиқдик. Беларус, Қозоғистон, Россия тажрибаларини ўрганиб чиққанимизда, демак, жаҳон амалиёти асосида фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш тартиби ҳам жорий қилинади», — дея жавоб қайтарди «Ўзатом» раҳбари.
«Мамлакатимизда Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ядро хавфсизлигини назорат қилувчи ваколатли орган ҳисобланади. Демак, қўмита томонидан МАГАТЕ стандартлари асосида норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилмоқда ва 2025−2026 йилларда 25 та ҳужжат қабул қилиниши режалаштирилган. Ўша ҳужжатларнинг ичида бир қатор чора-тадбирлар ҳам ўз инобатига олинган. Демак, чора-тадбирлар қаторида ядровий қурилмалар хавфсизлигини таъминлаш бор. Кейин радиация мониторинги, аварияларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини камайтириш бўйича чора-тадбирлар режалаштирилган. Ҳамда техноген ҳодисаларни таҳлил қилиш киритилган», — деди Азим Ахмедхаджаев.
Сенат раиси Танзила Нарбаева Азим Ахмедхаджаевга яна қайси ташкилотлар «Ўзатом» билан биргаликда ишлаши кераклиги ҳақида савол берди.
«Бу ерда бир қатор давлат ташкилотлари билан биз ишимизни ташкиллаштиришимиз керак бўлади. Бу нафақат Атом энергетикаси агентлиги ва мен айтган қўмита, Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси билан биргаликда, ҳамда бу ерда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳам ишлаши керак, ФВВ ва бошқа муҳофаза қилувчи органлар билан ишлашимиз керак бўлади», — дея жавоб берди агентлик раҳбари.
«Лекин умумий олганда, асосий биз стандартларни кўришимиз учун, биз бу ерда МАГАТЕ билан ишлашимиз керак бўлади ва алоҳида-алоҳида ишчи гуруҳлар тузилади улар билан. Биз мана МАГАТЕ билан алоҳида йўл харитасини қилдик. Ўшанга яқин орада қўл қўямиз. Ўша йўл харитаси ўз ичига, демак, тегишли масъул ташкилотларни белгилаган ва тегишли чора-тадбирларни амалга оширишга ҳам бу ерда кўрсатиб кетилган», — деб сўзини якунлади Ахмедхаджаев.
2024 йил май ойида томонлар Ўзбекистонда кичик атом электр станцияси билан атом лойиҳаларини амалга оширишни бошлашга қарор қилинди. 2018 йилдаги ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритилди — ҳар бир энергоблокнинг қуввати 1,2 ГВт гача бўлган йирик АЭС тўғрисидаги банд қолди ва олтита реактордан иборат кичик АЭС тўғрисидаги банд билан тўлдирилди.
Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ўтган йилнинг октябрь ойида мамлакатда йирик АЭС қурилиши 2040 йилгача амалга оширилиши мумкинлигини айтган эди.
2025 йилнинг март ойида «Ўзатом» директори Азим Ахмедхаджаев Ўзбекистонга электр энергиясига бўлган талабни қоплаш учун катта қувватли атом станциялари кераклигини айтган эди. У Ўзбекистон Миллий университети профессори Исобек Холбаевнинг талабни тўлиқ қоплаш учун тўртта йирик АЭС кераклиги ҳақидаги фикрига қўшилди.
«Биз ҳар йили кўраётган тенденциялар ва истеъмол ҳажмини ҳисобга олган ҳолда, ҳа, буларнинг барчаси учун катта атом электр станцияларини қуриш керак», — деди Аҳмедхўжаев ва 2 та энергоблокдан иборат катта қувватли АЭСнинг нархи тахминан 6 миллиард долларни ташкил этишини қўшимча қилди.
24−25 март кунлари «Росатом» ва «Ўзатом» кун тартибига йирик атом электр станциясини яратиш лойиҳасини амалга ошириш истиқболлари масаласини киритди.
Ўша ой охирида Ўзбекистон президенти ҳузурида бўлиб ўтган йиғилишда катта қувватли атом электр станциясини жойлаштириш ва қуриш масаласи муҳокама қилинган эди.
«Росатом» корпорацияси раҳбари Алексей Лихачёв апрель ойи охирида «агар эмас, балки қачон Ўзбекистон раҳбарияти катта АЭС мавзусига қайтганида, бизда аллақачон таклифлар тайёр бўлиши»ни айтган эди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.