Давлат раҳбари Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва қардош туркман халқига юксак давлат мукофоти учун чуқур миннатдорлик билдирди.
«Ушбу мукофотни Ўзбекистон ва унинг кўп миллатли халқига алоҳида эътибор ва ҳурмат, Марказий Осиё минтақасида дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги умумий саъй-ҳаракатларимизнинг эътирофи сифатида қабул қиламан», — деди давлат раҳбари.
Ўзбекистон етакчиси Арқадағ ва минтақанинг барча давлатлари раҳбарлари Марказий Осиёда ҳамкорликни илгари суришга улкан ҳисса қўшаётганини алоҳида қайд этди. Бугун бутун халқаро ҳамжамият минтақавий шериклик ва ўзликнинг янги моделини барпо этишдаги умумий муваффақиятларимизни эътироф этаётгани таъкидланди.
Сўзининг якунида давлат раҳбари юксак мукофот учун яна бир бор миннатдорлик билдириб, қардош туркман халқини шу кунларда ўтаётган БМТ конференцияси билан табриклади ҳамда 2025 йил декабрь ойида Ашхобод шаҳрида Халқаро тинчлик ва ишонч йили доирасидаги глобал саммит муваффақиятли ўтишини тилади.
«Ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» ордени 2017 йил 30 сентябрда таъсис этилган. Мукофот хорижий давлатларнинг таниқли давлат ва жамоат арбобларига халқлар ўртасида тинчлик, дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро тушунишни мустаҳкамлашдаги алоҳида хизматлари, шунингдек, Туркманистоннинг хорижий давлатлар билан иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлигини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган шахсларга берилади.
Бугунги кунга қадар 4 хорижий давлат арбоби орден билан тақдирланган. Улар орасида Россия президенти Владимир Путин (2017 йил 1 октябрь) ва Туркия президенти Режеп Таййиб Эрдўғон (2021 йил 29 ноябрь), Россия Федерал мажлиси Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко (2022 йил 12 май) ва Озарбайжон Миллий Мажлиси раиси Соҳиба Гафарова (2022 йил 8 декабрь) бор.
Ўзбекистон президенти хорижий давлатларнинг нуфузли медаль ва орденлари билан ҳам тақдирланган. Жумладан, Қирғизистоннинг «Данакер» ордени (2017 йил 22 ноябрь) Қозоғистоннинг «Дўстлик» ордени (2018 йил 14 март), Россия Федерациясининг «Александр Невский» ордени (2022 йил 15 сентябрь) Франциянинг «Фахрий легион» ордени (2025 йил 13 март).
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.