Шавкат Мирзиёев БМТ бош котиби билан учрашди

Шавкат Мирзиёев БМТ бош котиби билан учрашди

БМТнинг денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича конференцияси доирасида Шавкат Мирзиёевнинг БМТ бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашуви бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Учрашувда томонлар глобал ва минтақавий тараққиётнинг долзарб масалалари, хусусан, БМТ бош ассамблеясининг бўлажак 80-юбилей сессиясини ўтказиш масалаларини кўриб чиқди.

Ўзбекистон етакчиси бош котибнинг халқаро тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, БМТ ва унинг асосий институтларини замонавий воқеликка мослаштириш мақсадида ислоҳ қилиш борасидаги ташаббусларини қатъий қўллаб-қувватлади.

Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, Антониу Гутерришнинг ўтган йил июль ойидаги Ўзбекистонга ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидланишича, бугунги кунда 160 та қўшма дастур ва лойиҳа муваффақиятли амалга оширилмоқда. Сўнгги бир неча йилда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ бош ассамблеясининг 13 та резолюцияси қабул қилинди. 2025 йилда ташкилотнинг асосий тузилмалари ва институтлари, жумладан, БМТ-Хабитат ва ЮНИСЕФ раҳбарлари Ўзбекистонга ташриф буюрди, Тошкентда «БМТ-Аёллар» тузилмасининг ваколатхонаси очилди.

Давлат хизмати масалалари бўйича форум биргаликда ўтказилди. Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО бош конференциясининг 43-сессиясига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Ўзбекистон Глобал барқарор ривожланиш мақсадлари индекси бўйича энг илғор бешта давлат қаторига кирди. БРМга эришиш нуқтаи назаридан БМТ билан ҳамкорлик бўйича янги беш йиллик дастур имзоланиши кутилмоқда, дейилади хабарда.

Учрашувда, шунингдек, Марказий Осиёда интеграцияни чуқурлаштириш, Афғонистонни минтақавий ҳамкорлик жараёнларига жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Якунида томонлар амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма дастур ва лойиҳаларни кенгайтиришга тайёр эканини таъкидлади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.