«Кўрмаганнинг кўргани қурсин». Зойир Мирзаев — нега кўпинча ҳоким ўринбосарлари пора билан қўлга тушиши ҳақида

«Кўрмаганнинг кўргани қурсин». Зойир Мирзаев — нега кўпинча ҳоким ўринбосарлари пора билан қўлга тушиши ҳақида

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев нима учун кўп ҳолларда ҳоким ўринбосарлари пора билан қўлга тушаётгани ҳақидаги саволга жавоб қайтарди. Бу ҳақда у 22 август куни Паркент туманида ўтказилган «Узум сайли» халқаро фестивали чоғида журналистларга берган интервьюсида айтиб ўтди.

«Бугун давлат томонидан берилаётган иш ҳақи, дам олиш, хизмат уйи, хизмат машинаси — ҳаммаси жой-жойида бўлган туман ҳокимининг пора олишига эҳтиёж қолдими, деган саволга биринчи жавоб топайлик», — дейди Мирзаев.

У мисол тариқасида ҳоким бўлиб ишлаган илк даврларини эсларкан, шундай дейди:

«Илк бор ҳоким бўлганимда 32 ёшда эдим. Ҳар куни эрталаб менга бир сутка учун 8 литр бензин бериларди, [хизмат машинам] „Волга“ эди. Лекин бу бензин билан туманнинг иккита маҳалласига ҳам бор олмасдим. Биринчи масалам „Бугун машинамга ким бензин қуяр экан?“ деган масала бўлган».

«Аммо ҳозир ҳоким ўринбосарлари ҳам яхши маош олишади-ку?» деган саволга: «Ҳаммаси яхши, лекин кўрмаганнинг кўргани қурсин деган гап ҳам тўғри-да», — дея жавоб қайтарди.

Ўзбекистонда ҳокимлик вакилларининг пора билан ушланаётгани ҳақидаги хабарлар учраб туради ва кўпинча бунда ҳоким ўринбосарлари жиноятга қўл ургани ҳақида сўз боради. Тўғридан тўғри ҳокимлар билан боғлиқ кейслар ҳам йўқ эмас.

Жумладан, июль ойида Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳокими Махмуд Холбутаев ҳокимлик бош мутахассиси билан бирга тадбиркордан $30 минг пора олгани учун қўлга олинганди. Ҳоким депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилинган, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Пора олаётганда ушланган ҳоким ўринбосарлари


2025 йил август ойи ўрталарида Жиззахнинг Фориш тумани ҳокими ўринбосари хизмат машинасида 20 минг доллар пора олаётганида ушланди. У 204 гектарни туман ҳокимлиги захирасига қайтармаслик ва эркин фойдаланиш учун 30 минг доллар талаб қилгани айтилади.

Июль ойида бўлса Андижон вилоятининг Хонобод шаҳри ҳокими ўринбосари пора билан боғлиқ ҳолат учун қўлга олинган. Сумма яна ўшандай: 20 минг доллар.

Июль учун яна бир ҳолат: Қорақалпоғистоннинг Беруний тумани ҳокими ўринбосари фуқарога 150 га ер ажратиб бериш учун 12 минг доллар олган вақтида қўлга тушгани хабар қилинган.

Июнь ойи ўрталарида Деҳқонобод тумани ҳокими ўринбосари хизмат хонасида фермердан 7 млн сўм олаётганида қўлга тушган. Гумон — мансабдор тадбиркорга пилла топшириш режасини ёпиб беришини айтиб, жами 21 млн сўм талаб қилган.

2024 йил ноябрида Чирчиқ шаҳри ҳокими ўринбосари ҳокимлик захирасидаги 20 га ерни аукционга чиқариб, эгалик ҳуқуқини расмийлаштиришда ёрдам беришини айтгани ва бу учун 1 миллион доллар пора олгани аниқланган.

Ўша йилнинг августида Андижон вилояти Балиқчи тумани ҳокими ўринбосари 30 минг долларни олган вақтида ушланган. У ва туман уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бош мутахассиси туман ҳокимлиги захирасидаги ерни харидор номига расмийлаштириб беришга келишгани айтилади.

2024 йил июлда Қорақалпоғистоннинг Тахиатош тумани ҳокими ўринбосари маҳаллий фуқародан 32 млн сўм олаётган вақтида ушланган.

Сайхунобод туманида эса ҳоким ўринбосари тадбиркорга ер олиб беришини айтгани маълум. Бунинг эвазига 20 минг доллар сўралгани хабар қилинган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.