«Бу ҳам аванс, ҳам жуда катта масъулият». ИИВ раҳбари — генерал-лейтенант унвони ҳақида

«Бу ҳам аванс, ҳам жуда катта масъулият». ИИВ раҳбари — генерал-лейтенант унвони ҳақида

27 август куни Ўзбекистон ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов ўзига генерал-лейтенант ҳарбий унвони топширилгандан сўнг президент Шавкат Мирзиёев олдида нутқ сўзлади.

У кўрсатилаётган ишонч учун давлат раҳбарига миннатдорлик билдириб, бу нафақат катта шараф, балки катта масъулият эканини ҳам таъкидлади.

«Тўғриси, бу унвон мен учун ва бутун ички ишлар ходимлари учун ҳам аванс ва жуда ҳам катта масъулият. Мен билан биргаликда бугун 12 нафар, айниқса, уч нафар вилоят ички ишлар бошқарма бошлиқларини ҳам сиз тақдирлаганингиз бу ички ишлар идораларига сизнинг ишончингиз ва мурувватингиз деб қабул қиламиз», — деди Тошпўлатов «Ўзбекистон 24» телеканали сюжетида.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда ички ишлар органларида «кенг кўламли ислоҳотлар» амалга оширилди.

«Ички ишлар идоралари учун барча замонавий техника, қурол-аслаҳалар, ижтимоий шароитлар, уй-жой ва сўнгги русумдаги сунъий интеллект билан ишлайдиган тизимларни ўзингиз яратиб бердингиз», — деди вазир.

Шунингдек, давлат раҳбари йил бошида маҳаллаларда аҳоли билан ишлашни янада кучайтириш, аҳоли эҳтиёжини қондириш, жамоат тартибини муҳофаза қилишни таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича кўрсатмалар берганини эслади.

«Албатта, бу ишларни сўзсиз бажарамиз», — деди у.

Вазир барча ИИВ ходимлари номидан ваъда бераётганини таъкидлади: «Бугунги сиз билдирган ишончни, масъулиятни яна бир бора ҳис қилган ҳолда, барча тизим ходимлари билан биргаликда 24 соат маҳаллаларга тушиб, халқимизнинг ишончини оқлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликлардан холи ҳудудга айлантириш, жиноятларни барвақт фош этиш, гиёҳвандлик ва психотроп моддалардан холи ҳудудга айлантириш бўйича барча куч ва воситаларимизни сафарбар қиламиз».

Эслатиб ўтамиз, президент шунингдек, бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга 2-даражали давлат адлия маслаҳатчиси, мудофаа вазири Шуҳрат Холмухамедовга эса генерал-лейтенант унвонини берди.

Азиз Тошпўлатов жорий йилнинг март ойида ички ишлар вазири этиб тайинланганди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.