«Фуқаролар давлат ҳимоясида». Ўзбекистон ТИВ Россияда ҳақоратга учраган ҳайдовчи воқеасидан сўнг баёнот берди

«Фуқаролар давлат ҳимоясида». Ўзбекистон ТИВ Россияда ҳақоратга учраган ҳайдовчи воқеасидан сўнг баёнот берди

Ўзбекистон фуқаролари дунёнинг исталган нуқтасида бўлишидан қатъи назар, давлат ҳимоясида, дея эслатиб ўтмоқда Ташқи ишлар вазирлиги. Хабарда аниқ бир кейс тилга олинмаган, лекин бир неча кун олдин Россияда ўзбекистонлик экани айтилган такси ҳайдовчиси билан боғлиқ ҳолат муҳокамаларга сабаб бўлганди.

«Сен русларнинг қулисан»


Москва яқинида жойлашган Химки шаҳридаги турар жой мажмуасида ўрта ёшли эркак такси ҳайдовчиси билан жанжаллашиб, уни ҳақорат қилаётгани акс этган видео тарқалди. Маҳаллий фуқаро ҳайдовчиси: «Сен қулсан, русларнинг қулисан! Оғзингни очма», дея хитоб қилганини эшитиш мумкин.

«Ўзбекистонда ҳеч нарса йўқ, шунинг учун бизга келгансан. Сен ўз уйингда эмассан, ишлашга келгансан, ишингни қил» дея бақиради эркак. Видео давомида у бир неча марта сўкинган.

Шу билан бирга, такси ҳайдовчиси эркакдан тинчланишни хотиржамлик билан сўрайди, шундан сўнг автомобилга ўтириб, жўнаб кетади. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, можаро такси машинасининг турар жой биноси ҳовлисига киришни қисқа вақтга тўсиб қўйганидан бошланган.

«Фуқаролар давлат ҳимоясида»


ТИВ фуқаролар Ўзбекистон Конституцияси, миллий қонунлар ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ҳамда нормаларига асосан ҳимоя қилинишини таъкидлади.

«Агар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатлари ёки қадр-қиммати хорижда бузилса, улар дарҳол қабул қилувчи давлатнинг ваколатли ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилишлари зарур. Шунингдек, фуқаролар Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасаларига ҳуқуқий ва консуллик ёрдами сўраб мурожаат қилиши мумкин», — дейилади вазирлик хабарида.

Фуқароларни хорижда ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг муҳим йўналиши экани ва бу масъулият давлатнинг ўз фуқаролари олдидаги мажбуриятлари асосида амалга оширилиши қўшимча қилинди.

Gazeta Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхановдан юқоридаги ҳолат ва эълон қилинган баёнот бўйича изоҳ сўради.

«Бу хабаримиз хориждаги ҳамма фуқароларимиз, жумладан, ўша ҳолатга ҳам тегишли. Ҳозирча [у фуқаронинг] мурожаатини олмаганмиз, мурожаат бўлса, хабар берамиз», — деди ТИВ расмийси.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.