Шавкат Мирзиёев АҚШнинг етакчи компаниялари раҳбарларини қабул қилди

Шавкат Мирзиёев АҚШнинг етакчи компаниялари раҳбарларини қабул қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 22 сентябрь куни Нью Йорк шаҳрига ташрифи чоғида ўзи учун ажратилган қароргоҳда АҚШнинг етакчи компаниялари раҳбарларини қабул қилди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, делегация таркибида учрашувда Traxys компанияси директорлар кенгаши раиси Алан Доктер, Колорадо геология мактаби вице-президенти Жон Бредфорд, FLSmidth компанияси катта вице-президенти Питер Фланаган, McKinsey компаниясининг катта ҳамкори ва Марказий Осиё бўйича офиси раҳбари Ермолай Солженицин ва Go Green Partners компанияси бош директори Михаил Седой қатнашди.

АҚШнинг ушбу етакчи компания ва ташкилотлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.

Шавкат Мирзиёев АҚШнинг етакчи компаниялари раҳбарларини қабул қилди
Traxys муҳим хомашё ва минераллар, шу жумладан, энергетик ўтиш учун зарур бўлган хомашё ва минералларни етказиб бериш бўйича жаҳон етакчиларидан бири ҳисобланади. Компания билан биргаликда геология-қидирув ва конларни ўзлаштириш соҳасида 1 миллиард долларлик истиқболли лойиҳалар портфели шакллантирилган. Муҳим минералларни қазиб олиш, қайта ишлаш ва барқарор етказиб бериш занжирларини яратиш соҳасида илғор технологиялар ва билимларни жорий этиш бўйича битим ва «йўл харитаси» қабул қилинди.

Таъкидланишича, Колорадо кончилик мактаби тоғ-кон саноати учун мутахассислар тайёрлаш бўйича етакчи муҳандислик университети ҳисобланади. Ушбу таълим муассасаси билан Ўзбекистон геология фанлари университети қошида Компетенциялар марказини ташкил этиш масаласи ишлаб чиқилмоқда.

FLSmidth тоғ-кон ва бойитиш саноати учун технологиялар ва ускуналарни ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Компания Ўзбекистон мис саноатини ривожлантиришда фаол иштирок этмоқда.

Шавкат Мирзиёев АҚШнинг етакчи компаниялари раҳбарларини қабул қилди
McKinsey тоғ-кон саноати корхоналарини бошқариш, консалтинг ва стратегик ривожлантириш соҳасида илғор компания ҳисобланади. Компания билан биргаликда мамлакат хомашё базасини ривожлантириш, тоғ-кон саноати қувватларини кенгайтириш ва уни чуқур трансформация қилиш стратегияси тайёрланди.

Go Green Partners «яшил» энергетика учун муҳим минералларни қазиб олиш ва қайта ишлашга сармоя киритишга ихтисослашган. Компания истиқболли майдонларда геологик қидирув ишларини олиб боришни режалаштирмоқда.

Мазкур компанияларнинг умумий капиталлашуви 20 миллиард АҚШ долларидан ошади, қайд этди ПМХ.

Якунда лойиҳаларни жадаллаштириш ва янги таклифлар тайёрлаш мақсадида қўшма ишчи гуруҳ тузиш ва «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишиб олинди.

Бундан ташқари, президент ишбилармонлик дастури доирасида Blackrock инвестиция компанияси директорлар кенгаши аъзоси ва катта бошқарувчи директори Адебайо Огунлесини ҳам қабул қилди.

Шавкат Мирзиёев АҚШнинг етакчи компаниялари раҳбарларини қабул қилди
Blackrock — Американинг активлар ва фондларни бошқариш, шунингдек, молиявий хизматлар кўрсатишга ихтисослашган йирик инвестиция компанияси. Компания активлари 11 триллион АҚШ долларидан ошади.

АҚШнинг етакчи компанияси билан стратегик шерикликни, энг аввало, энергетика, транспорт ва сув инфратузилмасини ривожлантириш соҳаларида кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Қўшма фонд ташкил этиш режалари қўллаб-қувватланди. Тез фурсатда Платформа концепцияси келишилади ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бошланади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.