Иброҳимзодага яқин манба маълум қилишича, у 24 сентябрь куни бизнес рақиблари томонидан бир нечта шикоятлар берилганидан кейин ушланган. Манба қўшимча қилишича, у 350 минг доллардан ортиқ гаров пули тўлаганига қарамай, ҳалигача озод этилмаган.
Манбага кўра, Иброҳимзода сўнгги тўрт йил ичида Ўзбекистонга 50 миллион доллардан зиёд инвестиция киритган, бу маблағлар тижорат йўналишидаги транспорт хизматлари ва ун ишлаб чиқариш соҳаларига йўналтирилган. Унинг ҳибсга олиниши компаниялари фаолиятидаги эҳтимолий узилишлар бўйича хавотирларга сабаб бўлмоқда.
Иброҳимзода ҳозирча мазкур иш юзасидан жамоатчиликка изоҳ бермаган.
Маълумот учун: Ғулом Аббос Иброҳимзода афғонистонлик сиёсатчи ва тадбиркор бўлиб, 1970 йилда Балх вилоятида туғилган. У ўз фаолиятини валюта айирбошлаш соҳасида бошлаган ва қисқа вақт ичида бу бизнесни катта тижорат империясига айлантирган. Кейинчалик у Ibrahimzada Group of Companies ни ташкил этган. Бугунги кунда ушбу гуруҳнинг йиллик айланмаси 300 миллион АҚШ долларидан зиёдни ташкил этади.
2010 йилда Аббос Иброҳимзода Балх вилоятидан Афғонистон парламенти аъзоси этиб сайланган. Ўша пайтда мамлакатда таълим тизими заиф бўлгани учун, у таълим соҳасига сармоя киритиб, 2014 йилда Rahnaward University, кейинроқ Aburayhan University’ни ташкил қилди. Шунингдек, у соғлиқни сақлаш соҳасини ҳам ривожлантиришга қарор қилди ва Rahnaward Institute of Health Sciences ҳамда Rahnaward Hospital шифохонасини очди.
У Афғонистондаги энг бой инсонлардан бири бўлиб, нефть ва газ соҳасида фаолият юритади. Шу сабабли маҳаллий аҳоли орасида «Аббос Доллар» номи билан танилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.