У ўз нутқи аввалида БМТ Бош Ассамблеясининг юбилей сессиясидаги «жаҳон етакчиларининг чиқиш ва ёндашувлари замонавий дунёнинг сиёсий ва хавфсизлик архитектураси бўйича якдил позиция йўқлигини яна бир бор намоён этганини» таъкидлади.
«Даврнинг ўзи биздан глобал бошқарув тизимини чуқур ислоҳ қилиш ва такомиллаштириш, БМТ ва унинг Хавфсизлик кенгаши ролини оширишни тақозо қилмоқда. Жумладан, ривожланаётган давлатларнинг ўрни ва овозини мустаҳкамлашда яқин ҳамкорликни кучайтириш муҳим вазифадир», — деди давлат раҳбари.
«Дунёдаги энг оғриқли муаммолар, Евроосиё минтақасида авж олаётган ва охири кўринмаётган низо ва урушлар, албатта, бизнинг давлатларимизга ҳам ўз салбий таъсирини кўрсатмоқда. Ғазо секторидаги фожиа, Украина атрофидаги вазият, Эроннинг ядро дастури муаммоси, Афғонистоннинг барқарорлиги масалалари барчамизни жиддий ташвишга солади», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, у «жаҳоннинг қудратли давлатлари томонидан адолатли дунё тартиботини шакллантириш, ўзаро ишонч ва хавфсизликни таъминлашга хизмат қиладиган интилиш ва янги режаларни» олқишлади.
«Давлат раҳбари туркий дунёнинг бирдамлигини мустаҳкамлаш, жаҳон сиёсати, иқтисодиёти ва гуманитар соҳадаги ролини оширишга қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди», — дейилади хабарда.
Хусусан, Шавкат Мирзиёев минтақавий ва глобал хавфсизлик масалалари бўйича ёндашувларни мувофиқлаштириш мақсадида Самарқандда ТДТ ташқи ишлар вазирлари ва махсус хизматлари раҳбарларининг биринчи қўшма учрашувини ўтказишни таклиф этди.
Бундан ташқари, президент Стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлик тўғрисидаги шартномани тез фурсатда қабул қилишни қўллаб-қувватлади ва Туркий давлатлар ташкилотини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиқди.
Ўзбекистон раҳбари, шунингдек, Туркий давлатларнинг иқтисодий шериклик бўйича доимий кенгашини тузиш ва унинг Лойиҳа офисини Тошкентда жойлаштиришни таклиф қилди.
Шавкат Мирзиёевнинг бошқа ташаббуслари қаторига Туркий давлатларнинг Саноат альянси, «Туркий яшил йўлаклар» тизими ва «Яшил трансформация» консорциумини ташкил этиш кабилар ҳам кирди.
Ўзбекистон президенти органик қишлоқ хўжалиги бўйича Экспертлар гуруҳини ташкил этиш ва туркий органик маҳсулотларнинг ягона брендини жаҳон бозорига олиб чиқишни таклиф қилди, Туркий инвестиция жамғармаси фаолиятини кенгайтириш ҳамда халқаро ва миллий молия институтлари билан ҳамкорлик дастурини қабул қилишни тавсия этди.
Шавкат Мирзиёев Ўрта коридорни ривожлантириш ва уни Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли ҳамда Трансафғон йўлаги лойиҳалари билан боғлашни қўллаб-қувватлади, божхона тартиботини рақамлаштириш ва тарифларни оптималлаштириш муҳимлигини таъкидлади.
Ўзбекистон раҳбари Сунъий интеллект ва креатив иқтисодиёт бўйича «йўл харитаси»ни қабул қилиш ва Туркий дунё халқаро кўргазмасини Ўзбекистонда ўтказиш ғоясини илгари сурди ҳамда Ўзбекистонда қўшма тадқиқотлар ва инновациялар майдонига айланадиган Туркий давлатлар халқаро университети ташкил этилишини эълон қилди.
Ўзбекистон раҳбари, шунингдек, экстремистик ва радикал мафкурага қарши курашиш бўйича ҳаракатлар режаси ва ёшларнинг экологик саводхонлигини ошириш бўйича қўшма чора-тадбирлар ишлаб чиқишни таклиф этди. «Айни вақтда биз исломофобиянинг ҳар қандай кўринишларига қарши курашиш борасида ҳам яқин мулоқотларни давом эттирамиз», — деди президент.
Бундан ташқари, саммитда Шавкат Мирзиёев инсонпарварлик, ўзаро дўстлик ва бирдамлик ҳақидаги ғоялари, бебаҳо адабий меросини кенг тарғиб этиш мақсадида «Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий ижоди — Туркий дунё маънавий ҳаётида» мавзусида халқаро илмий конференция ўтказишни ҳам таклиф қилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.