Тошкент алоҳида мақомга эга бўлади: президент пойтахт тўғрисидаги қонунни ишлаб чиқишни буюрди

Тошкент алоҳида мақомга эга бўлади: президент пойтахт тўғрисидаги қонунни ишлаб чиқишни буюрди

Ўзбекистон Тошкент бошқарувига ёндашувини қайта кўриб чиқиш ва пойтахт мақоми тўғрисидаги қонунни қабул қилиш ниятида. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 16 декабрь куни пойтахтни ривожлантиришга бағишланган йиғилишда маълум қилди.

«Пойтахт — давлатнинг сиёсий, маъмурий, иқтисодий ва маданий маркази. Пойтахтни бошқариш, ривожлантириш ва муҳофаза қилиш бўйича ўзига хос ёндашувлар бўлиши керак», — деди у.

Шу муносабат билан у Тошкент шаҳри кенгашига орттириб бажарилган даромаднинг маҳаллий бюджетга қайтариладиган қисмидан 20 фоизини туманлар ўртасида тақсимлаш ваколатини беришни таклиф қилди.

Шунингдек, Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқов ва туман ҳокимларига маҳаллий кенгашлар билан келишган ҳолда мавжуд бюджет маблағларини депозитга жойлаштиришга рухсат бериш режалаштирилган.

Тошкент алоҳида мақомга эга бўлади: президент пойтахт тўғрисидаги қонунни ишлаб чиқишни буюрди

Президент Тошкент фаолиятининг ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий асосларини белгиловчи «Ўзбекистон Республикаси пойтахтининг мақоми тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш вақти келганини таъкидлади. Таққослаш учун, 2007 йилда Қозоғистонда Остона шаҳрига оид шунга ўхшаш қонун қабул қилинган.

У пойтахт «маҳалла еттилиги» самарадорлигини оширишда етакчига айланиши кераклигини таъкидлади. 2026 йилдан бошлаб Тошкентда янги тизим жорий этилади, унга кўра, «маҳалла еттилиги» тўлиқ шаҳар ҳокимлиги ихтиёрига ўтказилади.

Ҳоким ўринбосарларига «еттилик»нинг ҳар бир аъзоси учун янги ёндашувлар асосида самарадорлик кўрсаткичларини (KPI) ишлаб чиқиш, шунингдек, бюрократияни, жумладан, ортиқча ҳисоботларни камайтириш вазифаси юклатилди.

«„Еттилик“ ҳисоботлар билан эмас, балки одамларнинг оғирини енгил қилиш билан шуғулланиши зарур», — деди давлат раҳбари.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.