Ўзбекистон шаҳарлари тартибсиз эмас, аниқ режалар асосида ривожланиши керак — қурилиш вазири

Ўзбекистон шаҳарлари тартибсиз эмас, аниқ режалар асосида ривожланиши керак — қурилиш вазири

2021−2025 йилларда Ўзбекистонда техник нормативларни янгилаш ва халқаро стандартларга уйғунлаштириш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширилди. Бу ҳақда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов 10 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ушбу даврда соҳага оид 650 та техник норматив ҳужжатлар Европа Иттифоқи, Буюк Британия, Хитой, Корея, Россия ҳамда АҚШнинг меъёрий ҳужжатлари билан уйғунлаштирилган ҳолда тўлиқ қайта ишлаб чиқилган. Хусусан, қуйидагилар янгиланган:

  • 168 та шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари;
  • Еврокодларнинг 12 та қисми;
  • 46 та смета-ресурс нормалари;
  • 30 та қурилиш регламентлари;
  • 4 та техник регламент;
  • 314 та стандартлар;
  • 76 та маълумотномалар.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Қурилиш вазирлиги ва Кореянинг Ер, инфратузилма ва транспорт вазирлиги ўртасидаги меморандум доирасида 256 та шаҳарсозлик нормалари Корея тажрибаси ва хорижий норматив ҳужжатлар билан уйғунлаштирилди.

«Шаҳарларимизнинг қиёфаси тартибсиз қурилишлардан эмас, аниқ режалардан иборат бўлиши керак. Шу сабабли, 299-сон ва 245-сон президент қарорларига асосан барча аҳоли пунктларини бош режалар билан қамраб олиш ишлари жадал кетмоқда. Жорий йил режасига кўра, айни вақтда 161 та аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш якунланмоқда», — деди вазир.

Бош режаларни ишлаб чиқишда шаҳар ва шаҳарчаларни учта функционал зонага ажратиб ишлаб чиқиш амалиёти жорий этилди:

  • реновация зонаси — янгилаш талаб этиладиган ҳудудлар;
  • реконструкция зонаси — таъмирлаш ва ўзгартириш мумкин бўлган ҳудудлар;
  • консервация зонаси — тарихий ва маданий мерос объектлари, ижтимоий объектлар жойлашган, ўзгартириш тақиқланган ҳудудлар.

«Бу ёндашув тадбиркорлар учун ҳам, аҳоли учун ҳам қайси ҳудудда қандай фаолият юритиш мумкинлигини олдиндан аниқлаш имконини бермоқда», — дея қўшимча қилди вазир.

Ҳидоятовнинг сўзларига кўра, шаҳарсозлик ҳужжатларини тайёрлашда эски усуллардан воз кечилиб, тўлиқ рақамли форматда ишлаб чиқилмоқда ва уларнинг рақамли эгизаклари яратилмоқда.

Бугунги кунда шаҳарсозлик геоахборот тизими порталига 152 та йирик лойиҳа ва 459 та шаҳар, маҳалла ва бош режа схемалари жойлаштирилди. Ҳар бир фуқаро ўз маҳалласининг келажагини, қаерда мактаб, қаерда боғ бўлишини 3D форматда кўриш имкониятига эга бўлди, деди у.

Шунингдек, вазир 2021−2025 йиллар давомида қурилиш соҳасидаги барча маъмурий регламентлар ва давлат хизматлар тубдан ўзгартирилганини айтди.

Бу борада 2022 йил 20 апрелдаги 200-сонли ҳукумат қарори билан тасдиқланган қурилиш соҳасининг ягона маъмурий регламентлари соҳада кескин ўзгариш ясади.

«Шу ўринда, ушбу регламентнинг амалий аҳамиятига кенгроқ тўхталиб ўтсам. Илгари қурилиш бошлаш учун тадбиркорлар ўнлаб идоралар эшигига ойлаб вақт йўқотиб, турли комиссия хулосаларини кутарди», — дея қўшиб қўйди вазир.

Энди эса барча жараёнлар рақамлаштирилиб, фуқаро ва тадбиркорлар Ягона интерактив давлат хизматлари портали, яъни my.gov.uz орқали уйидан ёки офисидан чиқмасдан туриб ёхуд Давлат хизматлари марказлари ёрдамида барча рухсатномаларни электрон шаклда олмоқда.

Вазирнинг сўзларига кўра, қурилиш цикли тўртта асосий, шаффоф босқичга ажратилди ва уларнинг ҳар бири бўйича аниқ регламентлар жорий этилди. Биринчиси — архитектура-режалаштириш топшириқларини ишлаб чиқиш. Бу ҳужжат эндиликда инсон омилисиз, геоахборот тизими маълумотлари асосида рақамлашган ҳолда шакллантирилади.

Иккинчиси — лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш ва шаҳарсозлик экспертизасидан ўтказиш. Экспертиза жараёнлари тўлиқ электрон платформага ўтди. Бу эса келишилган хулосалар бериш имкониятини йўққа чиқарди.

«Қурилиш ишларини бошлаш учун рухсатнома олиш энг қийин жараён эди. Янги тартибга кўра, агар ваколатли орган белгиланган қисқа муддат ичида жавоб бермаса ёки асоссиз рад этса, тизим автоматик равишда тадбиркорга „рухсат берилди“ деб ҳисоблайди. Бу бюрократияга қарши энг кучли қуролимиздир», — дея аниқлик киритди Ҳидоятов.

Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган бош режаси (биринчи босқич — 2030 йилгача) Ўзбекистон ҳукуматининг 2024 йил 24 декабрдаги қарори билан тасдиқланган эди.

Июнь ойида учта компания Тошкентда турар жой мажмуалари қуриш ташаббуси билан чиққани маълум бўлганди. Биринчиси «Фотон» заводи ўрнида 53 қаватли минорадир. Бошқаси Геология қўмитасининг собиқ ҳудудида, учинчиси Magic City йўлининг нариги томонида қурилиши мумкин. Биноларнинг қаватлилиги бош режа параметрларидан ошиб кетмоқда.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бўлими бошлиғи Азиз Халилов Spot’га маълум қилишича, бош режада биноларнинг рухсат этилган қаватлари сони муайян ҳудуднинг сейсмик барқарорлигини ҳисобга олган ҳолда белгиланади. Лойиҳаларни амалга оширишдан олдин улар илмий-тадқиқот институтларида мажбурий экспертизадан ўтказилади, қурилишга рухсатномалар эса тасдиқланган бош режага қатъий мувофиқ равишда берилади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.