Ҳукумат ва ЮНИСЕФ васийлик тизимини ислоҳ қилишни муҳокама қилмоқда

Ҳукумат ва ЮНИСЕФ васийлик тизимини ислоҳ қилишни муҳокама қилмоқда

ЮНИCЕФнинг минтақавий директори Афшан Хан мамлакатда болалар ҳуқуқларини амалга оширишнинг устувор йўналишларини муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистонга бир ҳафтага ташриф буюрди. Тошкентда бўлиб ўтган давра суҳбатида у меҳрибонлик уйларини ёпишни давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.

16 ноябрь куни ЮНИCЕФнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Афшан Хан Ўзбекистонга бир ҳафтага ташриф буюрди. Бу унинг ушбу лавозимда мамлакатга 2018 йилдан бери иккинчи ташрифидир.

ЮНИCЕФ ваколатхонаси маълумотларига кўра, 16−21 ноябрь кунларидаги ташриф давомида Афшан Хан Ўзбекистон ҳукумати ва ЮНИCЕФ ўртасида 2021−2025 йилларга мўлжалланган Мамлакат ҳамкорлик дастурини амалга ошириш бўйича истиқболдаги режаларни муҳокама қилиш учун юқори мартабали ҳукумат вакиллари билан учрашади.

Муҳокамаларда мамлакатда болалар ҳуқуқларини амалга ошириш, аҳоли ижтимоий ҳимояси ва болаларни ҳимоя қилиш тизими, она ва бола саломатлиги, сифатли ва инклюзив мактабгача ва ўрта таълим, иқлим ўзгаришининг болалар ва ёшларга таъсири, COVID — 19 га қарши кураш масалаларининг устувор йўналишлари ва асосий жиҳатларига эътибор қаратилади.

«Газета.uz»да реклама

ЮНИCЕФнинг минтақавий директори фуқаролик жамияти ташкилотлари, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар ташкилотлари вакиллари билан, шунингдек болалар, ёшлар ва оилалар билан ҳам учрашади.

«COVID — 19, иқлим ўзгариши ва атроф-муҳитнинг деградацияси сингари янги муаммолар болалар саломатлиги ва фаровонлигига янада кўп таъсир қилиб бораётганини кўрар эканмиз, имконият ва масъулиятимиз бор экан, биргаликда эришганларимизга таяниб, болалар манфаатлари учун саъй-ҳаракатларимизни давом эттирамиз — деди Афшан Хан».

Ҳукумат ва ЮНИСЕФ васийлик тизимини ислоҳ қилишни муҳокама қилмоқда
Афшан Хан ва ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде.

17 ноябрь — ЮНИCЕФ ва Ўзбекистон Сенати ҳамкорликда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ва/ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлиш хавфи остида бўлган болаларнинг ҳозирги вазияти ва Ўзбекистонда болаларга ғамхўрлик қилиш тизимини ислоҳ қилиш борасидаги келгуси режаларни муҳокама қилиш учун давра суҳбати ташкил этди.

Расмий маълумотларга кўра, 2018 йилда 26 532 нафар бола турли шаклдаги интернат муассасаларида истиқомат қилган, уларнинг аксарияти ногиронлиги бўлган болалардир. Интернат муассасаларида яшовчи болалар сони ҳар 100 минг болага 255 тани ташкил этади. Бу кўрсаткич минтақавий ўртача кўрсаткичдан паст, лекин ҳар 100 000 болага 120 бола тўғри келадиган глобал кўрсаткичдан юқори. Интернат муассасаларида истиқомат қилган болаларнинг аксарияти — ногиронлиги бўлган болалардир.

«Ҳукуматни Ўзбекистонда болаларни деинститутализациялаш боасида олган қатъий мажбурияти учун қутлайман. Давомий ислоҳотлар жараёнининг самарали бўлиши учун болаларни, жумладан, ногиронлиги бўлган болалар ва бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳларни қамраб оладиган йирик муассасаларни тизимли ва босқичма-босқич ёпишни давом эттириш жуда муҳим», — деди Афшан Хан.

«Заиф болалар уларни қўллаб-қувватлайдиган турли хизматлардан, жумладан жамоатчилик асосидаги ижтимоий хизматлардан фойдалана олишлари учун имкониятларни таъминлаш муҳим деб ҳисоблайман», — дея таъкидлади у.

Ҳукумат ва ЮНИСЕФ васийлик тизимини ислоҳ қилишни муҳокама қилмоқда
Тадбирда бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Таълим вазирлиги, Миллий гвардиянинг масъул ходимлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳам иштирок этдилар. Улар деинститутализация бўйича олдинга қадам ташлаш йўлларини, жумладан мувофиқлаштиришни кучайтириш, ҳуқуқий меъёрий базани мустаҳкамлаш, тегишли мутахассисларнинг салоҳиятини ошириш ҳамда заиф болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш учун ҳамжамиятга асосланган хизматларни ташкил этиш масалаларини муҳокама қилдилар.

«Ҳеч кимни четда қолдирмаслик бўйича мақсадимизга эришиш учун болаларни ўз оиласи ва ҳамжамиятида қолишига қаратилган хизматларни янада кучайтириш муҳим аҳамиятга эга», — деди Сенатнинг Ёшлар ишлари, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Тошмуҳамедова.

Афшан Хан «Замин» халқаро жамоат фонди билан ҳамкорликда ташкил этилган «Ногирон болаларнинг инклюзивлигини таъминлаш» олий даражадаги халқаро форумида ҳам иштирок этади. Форум Бутунжаҳон болаларни ҳимоя қилиш куни ва ЮНИCЕФнинг 75 йиллигига бағишланган.

Июнь ойида пойтахтда ноинституционллаштиришни тезлаштириш бўйича биринчи халқаро конференция ўтказилган эди. Унда янги интернат муассасаларининг очилишига йўл қўймасликни ва мавжуд муассасаларни ижтимоий хизматлар марказларига айлантиришни таклиф қилинган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев август ойида етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни тарбиялашнинг янги тизимини жорий этиш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди. Ҳужжат билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги «Меҳрибонлик» уйлари, болалар шаҳарчалари, оилавий болалар уйлари ва болалар уйлари (таълим муассасалари) Миллий гвардияга бириктирилган эди. Миллий гвардияга болалар муассасалари тарбияланувчиларини ота-оналарига қайтариш, уларга васий тайинлаш ва болаларни асраб олишда кўмаклашиш вазифалари юклатилган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.