Шавкат Мирзиёев Озарбайжонга қилинган дронлар ҳужумини кескин қоралади

Шавкат Мирзиёев Озарбайжонга қилинган дронлар ҳужумини кескин қоралади

Шавкат Мирзиёев 5 март куни Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Суҳбат аввалида давлат раҳбари Озарбайжон ҳудудига учувчисиз учиш аппаратлари билан уюштирилган ҳужумларни кескин қоралаб, жароҳат олганларнинг тез фурсатда соғайиб кетишини тилади.

Cўнгги кунларда Яқин Шарқ минтақасида кузатилаётган кескинликнинг авж олиши кўплаб тинч аҳолининг қурбон бўлишига олиб келаётгани ва жиддий хавотир уйғотаётгани алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, Рамазон ойида рўй бераётган бундай воқеалар умуминсоний қадриятларга, халқаро нормалар ва давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги тамойилларига зид экани таъкидланди.

Ўзбекистон етакчиси фуқароларни Эрондан Озарбайжон ҳудуди орқали хавфсиз эвакуация қилиш бўйича кўрилаётган чоралар ва яратилаётган шароитлар учун Илҳом Алиевга миннатдорлик билдирди.

Озарбайжон президенти ҳам, ўз навбатида, ҳамкасбига дўстона суҳбат ва синовли дамларда кўрсатилган қўллаб-қувватлов учун алоҳида ташаккур изҳор этди.

Эслатиб ўтамиз, 5 март куни тушдан кейин Эрон ҳудудидан учирилган иккита дрон Озарбайжонда — Нахичевандаги аэропортнинг учиш майдонига ва қишлоқ мактаби яқинига қулаганди. Икки нафар маҳаллий фуқаро жароҳат олган.

Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги Эрондан изоҳ талаб қилди ва Эрон элчисини чақиртириб, унга норозилик билдирди. Озарбайжон Мудофаа вазирлиги, ўз навбатида, «мамлакатнинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини ҳимоя қилиш, тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун зарур жавоб чораларини тайёрлаётганини» маълум қилди.

Аввалроқ Ўзбекистон ТИВ Озарбайжонга дрон тушган ҳолатни «мутлақо қабул қилиб бўлмас» деб атаганди.

  • Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Аракчи Озарбайжон ТИВ раҳбари Жайҳун Байрамов билан суҳбатда Эрон Нахичеванга снарядлар учиргани ҳақидаги хабарларни рад этди ва фуқароларнинг яраланганидан афсусда эканини билдирди. Унинг сўзларига кўра, мамлакат қуролли кучлари зарур текширув ва суриштирув ишларини олиб бормоқда.
  • Ўз навбатида, Озарбайжон Эрон билан чегара яқинидаги ҳаво ҳудудини 12 соатга ёпган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.