АҚШ яна 72 нафар Ўзбекистон фуқаросини депортация қилди

АҚШ яна 72 нафар Ўзбекистон фуқаросини депортация қилди

11 март, чоршанба куни АҚШ Ўзбекистонга депортация рейсини амалга ошириб, мамлакатда қолиш учун қонуний рухсатга эга бўлмаган 72 нафар Ўзбекистон фуқаросини қайтариб юборди. Бу ҳақда АҚШ элчихонаси хабар бермоқда.

Қайд этилишича, ушбу парвоз Қўшма Штатларнинг ўз чегаралари хавфсизлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари доирасидаги навбатдаги тадбирлардан биридир.

«Трамп лавозимга киришганидан буён Қўшма Штатлар ноқонуний иммиграцияга чек қўйишга ҳамда ўз чегаралари ва фуқароларини ҳимоя қилишга қаратилган ўз мажбуриятлари доирасида 1000 дан зиёд Ўзбекистон фуқаросини депортация қилди», — дейилади хабарда.

Релизда АҚШ ҳудудига ноқонуний кирган шахслар қамоқ жазосига тортилиши ва мамлакатдан чиқариб юборилиши таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, депортация тадбирларини ўтказишда яқиндан ҳамкорлик қилаётгани учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорлик билдирилди.

Январь ойида АҚШдан 44 нафар ўзбекистонлик репатриация қилинганди (умумий ҳисобда — 11-рейс), уларнинг аксарияти Мексика чегарасини кесиб ўтиб, ойлаб Миграция марказида сақланган. Бир йилда эса салкам 700 киши репатриация қилингани келтирилганди.

Парвоз, аввалгилари каби, АҚШнинг Omni Аир International чартер авиакомпанияси томонидан амалга оширилди. Тошкентга самолёт тушдан кейин қўнди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.