Тошкент шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан “Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг ердан фойдаланиш ва қайта тиклашга таъсирини баҳолаш дастури” (FOLUR–Ўзбекистон) лойиҳаси доирасида Лойиҳа бошқарув кенгашининг тўртинчи йиғилиши ўтказилди.
Мазкур лойиҳа Глобал экологик жамғарма (GEF) молиявий кўмагида амалга оширилмоқда ҳамда Ўзбекистонда барқарор ер ресурсларини бошқаришни ривожлантириш, озиқ-овқат тизимларини такомиллаштириш ва деградацияга учраган экотизимларни тиклашга қаратилган.
Шунингдек, лойиҳа доирасида қишлоқ ҳудудларида яшовчи аҳолининг барқарор даромад манбаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 85 та хонадонга кичик иссиқхоналар қуриб берилди. Бундан ташқари, 73 нафар фуқарога мотокультиваторлар, 6 нафар фуқарога ўрим ускуналари тақдим этилди.
Шу билан бирга, лойиҳа доирасида сув ресурсларидан самарали фойдаланишга қаратилган инновацион ечимлар ҳам жорий этилмоқда. Жумладан, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида сув танқислиги шароитида қишлоқ хўжалиги учун қўшимча сув манбаини яратиш мақсадида “Ice Stupa” технологияси асосида сунъий музликлар барпо этилди. Мазкур технология қиш мавсумида сувни муз шаклида сақлаш ва баҳор-ёз ойларида унинг аста-секин эриши орқали суғориш учун қўшимча сув манбаини таъминлаш имконини беради. Ушбу тажриба иқлим ўзгариши шароитида сув ресурсларини бошқаришнинг инновацион ёндашуви сифатида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Йиғилиш давомида лойиҳа доирасида ўтказилган халқаро тадбирлар, ҳудудларда ташкил этилган семинар ва тренинглар ҳамда тажриба алмашиш ташаббуслари ҳақида ҳам маълумот алмашилди. Ушбу муҳокамалар ҳамкор ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, лойиҳа фаолиятини самарали мувофиқлаштириш ҳамда Ўзбекистонда барқарор қишлоқ хўжалиги ва ер ресурсларини бошқариш соҳасидаги саъй-ҳаракатларни кучайтиришга хизмат қилди.
Йиғилиш якунида лойиҳа доирасида амалга ошириладиган кейинги босқичдаги устувор фаолиятлар юзасидан келишувга эришилди ҳамда FAO ва миллий ҳамкор ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.