Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг жума куни Москвага бир кунлик ташрифи доирасида Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар доирасида 18 та икки томонлама ҳужжат имзоланди.
Музокаралар якунида президентлар халқаро ахборот хавфсизлиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Қўшма баёнотни имзоладилар.
Ҳужжатда «глобал ахборот маконини шакллантирувчи ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ва улардан фойдаланишдаги мисли кўрилмаган ютуқлар, уларнинг ҳаётнинг барча жабҳаларига таъсири ўсиб бораётгани» тан олинган.
Унда замонавий АКТдан «халқаро тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш вазифаларига мос келмайдиган мақсадларда» фойдаланиш имкониятлари ортиб бораётганидан хавотир билдирилган. Ушбу технологиялардан фойдаланиш «фуқаролар, жамият ва давлатга тобора кўпроқ тўғридан-тўғри хавф туғдирмоқда», дейилади баёнотда.
Президентлар ахборот-коммуникация технологияларидан бузғунчи мақсадларда ва ноқонуний фойдаланиш натижасида юзага келиши мумкин бўлган давлатлараро низоларнинг олдини олиш ва уларни тинч йўл билан бартараф этиш тарафдори эканини таъкидладилар.
«Давлат раҳбарлари жаҳон ҳамжамиятини АКТдан халқаро ҳуқуқ нормаларига зид ҳолда ҳарбий-сиёсий мақсадларда фойдаланиш ҳамда душманона ҳаракатлар ва тажовузкорлик актларини амалга оширишга йўл қўймаслик, ушбу технологиялардан террористик ва бошқа жиноий мақсадларда, шунингдек, давлатлар суверенитетига путур етказиш ва уларнинг ички ишларига аралашиш учун фойдаланишга йўл қўймаслик мақсадида зарур чораларни қўллашга чақиради», — дейилади баёнотда.
Ўзбекистон ва Россия президентларининг фикрича, БМТ шафелигида рақамли муҳитда давлатлар суверинетини ва тенг хавфсизлигини таъминлаш, ахборот муҳитида тўқнашувларнинг олдини олиш ва АКТдан фақатгина тинч мақсадларда фойдаланишга қаратилган «давлатларнинг ахборот маконида масъулиятли хатти-ҳаракатларининг умуминсоний нормалари, қоидалари ва тамойиллари»ни ишлаб чиқиш халқаро ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан ҳисобланади.
Россия Федерацияси Иқтисодий ривожланиш вазирлигининг маълум қилишича, Ўзбекистон ва Россия ўртасида 2022−2026 йилларга мўлжалланган кенг қамровли иқтисодий ҳамкорлик дастури имзоланган.
Дастур ҳозирда амалда бўлган келишув ўрнини босади. Янги ҳужжатда пандемиядан кейинги даврда тегишли воситалар, жумладан, электрон тижорат, иқтисодиётни рақамлаштириш, энергия ва сувни тежайдиган янги технологиялардан фойдаланган ҳолда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, миграция соҳасидаги ёндашувларни такомиллаштириш зарурлиги ҳисобга олинган.
Мамлакатлар COVID 19 га қарши кураш бўйича амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, вакциналар ишлаб чиқариш, коронавирус билан касалланган беморлар профилактикаси, ташхиси ва даволаниши бўйича тажриба ва ахборот алмашишни режалаштирган. Дастур савдо, саноат кооперацияси, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, алоқа, молия, фан ва таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, туризм, ҳудудлараро ҳамкорликни ҳам қамраб олади.
Аввал ёзганимиздек, музокаралар чоғида Шавкат Мирзиёев Россия билан «муносабатларда силжиш» ва «барча йўналишларда чуқурроқ интеграция»ни қайд этган эди. Президентлар йил охирига қадар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг 7 миллиард долларгача ўсиши кутилаётгани ва янги қўшма инвестиция лойиҳалари амалга оширилишини қайд этдилар.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.