Ўзбекистон 2020 йил декабрь ойидан буён EОИИда кузатувчи ҳисобланади. Бугунги кунда мамлакатнинг иттифоқ давлатлари билан ўзаро ҳамкорлиги «комплекс иқтисодий шериклик» тусини олди, деди у.
Президентнинг қайд этишича, бугунги кунда рақамли технологиялар, замонавий логистика ва саноат кооперацияси давлатлар рақобатбардошлиги ҳамда иқтисодиётларнинг ташқи хатарларга бардош беришида муҳим омилга айланмоқда.
У Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқининг барча асосий тадбирларида фаол қатнашаётганини билдириб, жорий йилда Евросиё иқтисодий комиссияси билан уч йиллик ҳамкорлик режасини амалга ошириш якунланаётганини қайд этди.
Президент кузда Тошкентда Ўзбекистон ҳукумати ва Қўшма ишчи гуруҳнинг навбатдаги мажлисини ўтказиш ҳамда унда кейинги давр учун мўлжалланган янги Ҳамкорлик режасини қабул қилишни таклиф қилди.
Шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солиш тизимларини яқинлаштириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқлангани, савдо ва юк ташувларини рақамлаштириш, электрон тижорат ва иқлим кун тартибидаги дастурларда ҳамкорлик давом этаётгани таъкидланди.
Мирзиёев Тошкентда Евросиё тараққиёт банкининг мамлакат офиси очилгани ва қўшма лойиҳалар портфели шакллантирилганини ҳам маълум қилди.

1. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва EОИИ давлатлари ўртасида тўсиқсиз савдонинг ягона рақамли маконини шакллантиришга киришишга чақирди.
«Бу ерда сўз электрон тижоратни ривожлантириш ва уни тартибга солиш борасидаги ёндашувларни мувофиқлаштириш, божхона, фитосанитария ва ветеринария назорати соҳаларида рақамли маълумот алмашинувини йўлга қўйиш, товарларнинг келиб чиқишини сертификатлаш, шунингдек, электрон ҳужжатларни босқичма-босқич ўзаро тан олиш ҳақида бормоқда», — деди президент.
Шунингдек, рақамли транзитни жорий этган, кузатув тизимларига уланган ва ўтказиш пунктларини модернизация қилган ҳолда «ақлли» транспорт-божхона йўлакларини яратишни бошлаш керак, дея қўшимча қилди у.
2. Саноат кооперациясига янги суръат бағишлаш муҳим, дея давом этди Шавкат Мирзиёев.
«Биз бизнеснинг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, технологик шериклик ва янги ишлаб чиқариш занжирларини шакллантиришга қизиқиши ортиб бораётганини кўрмоқдамиз», — деди у.
Президент Иттифоқ мамлакатлари ўртасида кооперация дастурини тайёрлаш учун Тошкентда ўтказилаётган «ИННОПРОМ. Марказий Осиё» кўргазмаси салоҳиятидан фойдаланишни таклиф қилди. У саноатни автоматлаштириш ва робототехника, энергетика учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш, сув тежовчи технологиялар, замонавий қурилиш материаллари ва бошқаларни истиқболли йўналишлар сирасига киритди.
Ўзбекистонда ҳамкорларни танлайдиган, эркин саноат зоналари негизидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлайдиган ва молиялаштиришни жалб қилишга кўмаклашадиган қўшма Кооперация лойиҳа офисини очиш мумкин.
3. Шавкат Мирзиёев энергия самарадорлигини ошириш, тоза технологияларни жорий этиш ва маҳсулотларнинг углерод сиғимини камайтиришга қаратилган Саноатни «яшил» трансформация қилиш қўшма дастурини қабул қилиш тарафдори эканини билдирди.
«Бу эндиликда мамлакатларимиз учун нафақат экологик кун тартибидаги масала, балки саноатнинг узоқ муддатли рақобатдошлигини таъминлайдиган муҳим омилга айланмоқда», — деди у.
4. Ташкилий меҳнат мобиллиги соҳасидаги ҳамкорликни миллий электрон бандлик хизматларини ўзаро боғлаш орқали сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш лозим, дея таклиф қилди президент.
«Бу ерда сўз фуқароларнинг ишончли бўш иш ўринлари, ишга жойлашиш шартлари ҳамда миграция қонунчилиги нормалари ҳақидаги маълумотлардан тўғридан-тўғри фойдаланишини таъминлайдиган қулай ва яхлит рақамли муҳитни шакллантириш ҳақида бормоқда. Бу бир пайтнинг ўзида мамлакатларимиз меҳнат бозорлари эҳтиёжларини ҳисобга олиш, ходимларнинг малакасини ошириш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш ва норасмий бандлик хавфларини камайтириш имконини беради», — деди у.
5. Шавкат Мирзиёев туризмни маданий-гуманитар ҳамкорликнинг энг жадал ривожланаётган йўналишларидан бири деб атади.
У EОИИ мамлакатларини «Марказий Осиё сайёҳлик ҳалқаси» ташаббусига қўшилишга ва уни биргаликда илгари суришга таклиф қилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.