Ўзбекистон ва Хитой Туризм ассоциацияси ҳамкорликни кенгайтириш масаласини муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Хитой Туризм ассоциацияси ҳамкорликни кенгайтириш масаласини муҳокама қилди


Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси А. Аққулов Хитойнинг йирик туристик ташкилотларидан бири бу China Tourism Association бош котиби Ге Лэй билан музокаралар ўтказди. Томонлар туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш ва Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини Хитой бозорида тарғиб қилиш истиқболларини муҳокама қилди.

China Tourism Association Хитой туризм соҳасидаги етакчи ташкилотлардан бири ҳисобланади. Ассоциация мамлакат туризм бозорини ривожлантириш, соҳа вакиллари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқаро алоқаларни кенгайтириш ҳамда туристик йўналишларни жаҳон миқёсида тарғиб қилиш билан шуғулланади.

Ташкилот таркибига авиакомпаниялар, меҳмонхона тармоқлари, туроператорлар, транспорт ва сервис компаниялари, онлайн туристик платформалар ҳамда туризм соҳасидаги 3000 дан ортиқ корхона киради.

Учрашув давомида томонлар Ўзбекистонни Хитой Туризм ассоциацияси аъзолари орасида хавфсиз ва қулай туристик йўналиш сифатида тарғиб қилиш масаласини муҳокама қилди. Шунингдек, Ўзбекистонга ўрта ва юқори сегментдаги халқаро меҳмонхона брендларини жалб қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Мамлакатда 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналарга бўлган юқори талаб сақланиб қолаётгани таъкидланди. Шу муносабат билан мавжуд қўллаб-қувватлаш чоралари, жумладан, меҳмонхона қурилиши учун субсидиялар ҳамда топ — 50 халқаро меҳмонхона брендларини жалб қилишда франшизалар учун кэшбек механизми муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда MICE-туризмни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди. Хитой томони вакиллари Самарқанд ва Тошкентдаги йирик ишбилармонлик туризми объектлари билан таништирилди. Шунингдек, ҳозирда Фарғона ва Хивада халқаро конференциялар, бизнес форумлар ва корпоратив тадбирларни қабул қила оладиган янги туристик марказлар қурилаётгани қайд этилди.

Музокаралар якунида Хитой Туризм ассоциацияси аъзолари ва ҳамкорлари иштирокида Ўзбекистонда йирик халқаро тадбирларни ташкил этиш таклифи илгари сурилди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.