«Дунё» АА маълум қилишича, марказ болаларга ўзбек тили, миллий маданият, анъанавий қадриятлар ва тарихий меросни ўргатиш мақсадида ташкил этилган. Шунингдек, лойиҳа Германиядаги ўзбек диаспораси вакилларини Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш ва Ватан билан маънавий алоқани сақлаш ғояси атрофида бирлаштиришни кўзда тутади.
Марказнинг тўлиқ очилиши жорий йил сентябрь ойига режалаштирилган. Ўқув дастури 7 ёшдан 15 ёшгача бўлган болаларга мўлжалланган. Илк машғулотларда 20 нафардан ортиқ ўқувчи иштирок этди.
Дастлабки дарслар ўзбек маданиятида саломлашиш қоидалари, ўзбек ва немис маданий муҳити хусусиятлари, шунингдек Ўзбекистон давлат рамзларига бағишланди. Машғулотлар давомида болалар она тилида мулоқот қилиш, миллий анъаналар билан яқиндан танишиш ҳамда юрти тарихи ва маданияти ҳақидаги билимларини кенгайтириш имконига эга бўлди.
Ўқувчилар ота-оналари учун ҳам алоҳида учрашув ташкил этилди. Унда фарзанд тарбиясида оила ва жамоатчиликнинг миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда Ватан билан маънавий боғлиқликни сақлашдаги ўрни муҳокама қилинди.
«Қаерда яшашимиздан қатъи назар, миллий маданиятимизни ривожлантиришимиз керак. Бу лойиҳа фарзандларимизнинг ўзбек тилини ўрганиши, миллий қадриятлар ва маданиятни сингдириши учун асос бўлади. Болаларимиз бу ерда она тили ва юрт маданиятини ўрганиб, янги дўстлар топаётганидан жуда мамнунмиз», — деди немис тили ўқитувчиси Угилой Примова.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.