Ўзбекистонда 46 даражагача иссиқ бўлиши кутилмоқда: экологлар аҳолига огоҳлантириш билан мурожаат қилди

Ўзбекистонда 46 даражагача иссиқ бўлиши кутилмоқда: экологлар аҳолига огоҳлантириш билан мурожаат қилди


13–17 июль кунлари Ўзбекистон ҳудудига жанубдан ўта иссиқ ҳаво оқимлари кириб келиши кутилмоқда. Синоптиклар прогнозига кўра, айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати 44–46 даражагача кўтарилиши мумкин.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълум қилишича, аномал иссиқ нафақат инсонлар саломатлиги, балки мамлакатдаги яшил ҳудудлар, дарахтлар, буталар ва ҳайвонот дунёси учун ҳам жиддий хавф туғдиради. Юқори ҳарорат дарахтларнинг қуриши, яшил ҳудудларга зарар етиши ҳамда сув танқислигининг кучайишига олиб келиши мумкин.

Шу муносабат билан қўмита фуқароларга куннинг энг иссиқ вақти — соат 11:00 дан 17:00 гача имкони борича очиқ ҳавода бўлмаслик, етарли миқдорда сув истеъмол қилиш, енгил кийим кийиш ва тўғридан-тўғри қуёш нурларидан ҳимояланишни тавсия қилди. Шунингдек, болалар, кекса ёшдагилар ва саломатлигида муаммоси бор шахсларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

Экологлар ўрмонлар ва бошқа яшил ҳудудларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиш, очиқ олов ёқмаслик ҳамда ёнувчан чиқиндиларни ташлаб кетмасликка чақирди.

Қўмита маълумотига кўра, аҳоли яшаш ҳудудларидаги дарахт ва буталарни эрта тонгда ёки кечқурун мунтазам суғориш, илдиз атрофидаги тупроқни юмшатиш ва намликни сақлаш учун мулчалаш усулидан фойдаланиш тавсия этилади.

Маҳаллий ҳокимликлар, коммунал хизматлар ва масъул ташкилотларга эса яшил ҳудудлар ҳолатини доимий мониторинг қилиш, суғориш ишларини кучайтириш, сув инфратузилмасининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, янги экилган кўчатларни алоҳида назоратга олиш ҳамда сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш тавсия қилинган.

Бундан ташқари, қурилиш майдонлари атрофидаги дарахтларни чанг таъсиридан муҳофаза қилиш, шунингдек, ёввойи ҳайвонлар ва қушлар учун сув манбаларини сақлаш ҳамда табиий ҳудудларда ёнғинларнинг олдини олиш чораларини кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.