Унинг сўзларига кўра, тегишли ўзгаришлар икки давлат раҳбарлари ҳузурида имзоланган Фуқароларнинг ўзаро қатновлари тўғрисидаги битимга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги баённомада мустаҳкамлаб қўйилган.
«Фуқароларнинг ўзаро қатновлари тўғрисида имзоланган баённома мамлакатлар ҳудудида рўйхатдан ўтмасдан бўлиш муддатини 3 кундан 10 кунгача узайтиради. Бу, шубҳасиз, қариндошлар ва дўстларни йўқлаш, сайёҳлик ва ишбилармонлик ташрифларини сезиларли даражада қулайроқ қилади», — деди Амир Султонов.
9 июль куни бўлиб ўтган музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенко Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларацияни имзолади. Шунингдек, 2026−2030 йилларга мўлжалланган савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича «йўл харитаси» қабул қилинди ҳамда қишлоқ хўжалиги, фан, маданият, туризм, ижтимоий ҳимоя, меҳнат миграцияси ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш соҳаларида бир қатор келишувлар имзоланди.
Ўзбекистон ва Беларусь ҳукуматлари ўртасидаги Фуқароларнинг ўзаро қатновлари тўғрисидаги битим 2005 йил 19 январда Тошкентда имзоланганди. У 2006 йил 25 июлдан кучга кирган бўлиб, муддатсиз амал қилади.
Бундан аввал Ўзбекистон ва Беларусь меҳнат миграцияси тўғрисида ҳам келишув тузганди. Беларусь президенти Александр Лукашенко Ўзбекистондан келадиган меҳнат мигрантларини оилалари билан бирга қабул қилишга тайёрлигини билдирган. У мамлакатга ишчи кучи зарурлигини, келувчиларга эса тиббий ёрдам ва таълим берилиши мумкинлигини таъкидлаган: «Президентларнинг хоҳиш-иродаси бор, қўллаб-қувватлаш бор, ҳаракат қилиш керак».
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.