Оҳангарондаги чиқинди полигонидаги ёнғин бартараф этилди, масъулга жарима қўлланилди

Оҳангарондаги чиқинди полигонидаги ёнғин бартараф этилди, масъулга жарима қўлланилди


Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида жойлашган қаттиқ маиший чиқиндилар полигонида юз берган ёнғин тўлиқ бартараф этилди. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш агентлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, ҳодиса 10 июль куни Тошкент шаҳар ҳокимлигига қарашли «Махсустранс» санитария тозалаш корхонасига тегишли янги полигонда содир бўлган. Воқеа юзасидан Агентлик, Чиқиндилар полигонларини бошқариш дирекцияси ҳамда Тошкент вилояти Экология бошқармаси мутахассислари томонидан тезкор ўрганиш ишлари олиб борилган.

Дастлабки хулосага кўра, ёнғинга ҳаво ҳароратининг кескин юқори бўлиши сабаб бўлган. Аномал иссиқлик таъсирида полигондаги шиша ва пластик чиқиндилар қизиб, табиий равишда ёнгани қайд этилди.

Ҳозирда ёнғин тўлиқ ўчирилган. Полигонда қайта ёнғин юзага келишининг олдини олиш мақсадида чиқиндиларни тупроқ қатлами билан қоплаш ва рекультивация ишлари давом эттирилмоқда.

Шунингдек, экологик талабларни бузгани учун полигон раҳбарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91-моддаси асосида маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 20 баравар базавий ҳисоблаш миқдорида жарима тайинланган.

Чиқиндиларни бошқариш агентлиги атроф-муҳит муҳофазаси масалаларига бефарқ бўлмай, бундай ҳолатлар ҳақида хабар бериб келаётган фуқароларга миннатдорлик билдирди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.