Тадбир Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Умра плюс» зиёрат туризми дастурини амалга оширишга доир қўшимча чоралар ҳақидаги қарори ижроси доирасида ташкил этилди.
Гибрид форматда ўтган йиғилишда Туризм қўмитаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Бухоро ва Самарқанд вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Uzbekistan Airways ва бошқа маҳаллий авиаташувчилар, Uzbekistan–Malaysia–Indonesia Travel Association, «Умра» зиёратларини ташкил этувчи туристик агентликлар уюшмаси ҳамда туризм соҳасининг 40 га яқин вакили иштирок этди.
Йиғилишда транспорт қатновини кенгайтириш, туристик хизматлар сифатини ошириш ва Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини Жануби-Шарқий Осиё давлатларида тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, Малайзиядан авиақатновлар сонини кўпайтириш, Индонезия ва Сингапур билан тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш, «Умра плюс» дастурини оммалаштириш ҳамда халқаро Halal стандартларига мос зиёрат инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилиш «муаммо – таклиф – ечим» тамойили асосида очиқ мулоқот шаклида ўтказилди. Иштирокчилар мавжуд масалалар юзасидан фикр алмашиб, туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлларини муҳокама қилдилар.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.