Давлат раҳбарининг таъкидлашича, ҳар бир мурожаат алоҳида ҳолат сифатида эмас, балки муайян ҳудуд, тармоқ ёки хизматдаги муаммолар мавжудлигини кўрсатувчи муҳим сигнал сифатида баҳоланиши лозим.
Мурожаатларнинг 50 фоизи табиий ва суюлтирилган газ таъминоти, 38,3 фоизи эса электр таъминоти билан боғлиқ. Фуқаролар асосан суюлтирилган газ баллонларини тўлдириш, электр таъминотидаги узилишлар, электр тармоқларини қуриш ва таъмирлаш, шунингдек, табиий газ босими билан боғлиқ масалаларни кўтарган.
Президент келгуси куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш доирасида такрорий мурожаатлар кўп тушаётган маҳаллалар ва объектларни ўрганиш, электр ҳамда газ тармоқларининг техник ҳолатини текшириш, шунингдек, ҳудудлар кесимида аниқ камчиликларни бартараф этиш бўйича манзилли режалар ишлаб чиқишни топширди.
Йиғилишда, айниқса, электр таъминотида узилишлар кўп кузатилаётган ҳудудларда тармоқ ва трансформаторларни таъмирлаш, авария бригадаларининг шайлигини ошириш, табиий газ босими билан боғлиқ муаммолар мавжуд жойларда таъминот барқарорлигини таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.
Суюлтирилган газ баллонларини тўлдириш ва аҳолига етказиб бериш жадвалларига қатъий риоя қилиш, талаб юқори бўлган ҳудудларда эса қўшимча захира ва имкониятларни сафарбар этиш зарурлигини қайд этилди.
Шунингдек, президент фуқаролар мурожаатларида кўтарилган тизимли муаммоларни куз-қиш мавсуми бошлангунга қадар бартараф этиш, бу борада маҳаллий ҳокимликлар, «маҳалла еттилиги» ва коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан узвий ҳамкорликда тизимли иш олиб бориш лозимлигини таъкидлади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.