Президент Шавкат Мирзиёев 21 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда хорижий ташрифлар давомида эришилган инвестиция келишувлари ижроси устидан назорат ҳамда айрим дипломатик ваколатхоналар фаолиятини танқид қилди.
Давлат раҳбари сўнгги йилларда олий даражадаги 52 та хорижий ташриф доирасида умумий қиймати 213 млрд долларлик 1617 та инвестиция лойиҳаси бўйича келишувларга эришилганини, аммо уларнинг амалга оширилиши етарли даражада назорат қилинмаётганини таъкидлади.
Энди мазкур «йўл хариталари» ижросини юритиш Ҳисоб палатаси ва Ташқи ишлар вазирлиги зиммасига юкланади.
Бош вазир Абдулла Ариповга ҳар ҳафта тармоқ раҳбарлари, ҳокимлар ва элчилар билан биргаликда ҳар бир мамлакат ва ҳар бир лойиҳа кесимида эришилган келишувлар ижросини муҳокама қилиб бориш топширилди.
Шавкат Мирзиёев хориждаги Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари фаолияти юзасидан ҳам қатор эътирозларини билдирди.
Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчиси Раҳматулла Назаров инвестициялар ва ташқи савдо масалаларига «лоқайд муносабат» билдиргани учун лавозимидан озод этилди. У бу лавозимда 2024 йил февралдан буён ишлаб келаётган эди.
Президент Франция, Австрия, Испания, Италия, Уммон, Индонезия, Малайзия ва Сингапурдаги элчилар фаолияти ҳам етарли эмаслигини таъкидлади.
Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевага иқтисодий дипломатия, инвестицияларни жалб қилиш ва экспортни рағбатлантириш йўналишида хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолиятини таҳлил қилувчи комиссия тузиш топширилди.
Таҳлил якунлари бўйича ўз вазифасини самарали бажармаётган ходимларни замонавий фикрлайдиган ёш кадрлар билан алмаштириш юзасидан таклифлар киритилиши белгиланди.
Шунингдек, президент 2026 йил январь ойида Европага экспорт ҳажми 2,3 млрд долларга етганини қайд этган, бироқ айрим бозорларда ўзбек маҳсулотлари брендини тарғиб қилишда элчилар фаоллиги етарли эмаслигини танқид қилган эди. Истиқболли бозорлар сифатида Ироқ, Франция ва Африка мамлакатлари кўрсатилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.