Салар каналига оқова сув оқизган компания 2,2 миллиард сўмдан ортиқ товон тўлайди

Салар каналига оқова сув оқизган компания 2,2 миллиард сўмдан ортиқ товон тўлайди

Тошкент шаҳридаги қурилиш компанияси Салар каналига тозаланмаган оқова сувларни ноқонуний оқизгани учун 2,2 миллиард сўмдан ортиқ товон пули тўлайди. Қонунбузарлик ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар асосида Экология бошқармаси ходимлари томонидан аниқланди.

Мутахассислар маълумотига кўра, Яккасарой туманида кўп қаватли турар жой қурилишини олиб бораётган «Б.Б.» МЧЖ шаҳар канализация тармоғига шикаст етказган. Қувур ёрилиши оқибатида тўпланган оқова сувлар насослар ёрдамида тозаланмасдан Салар каналига оқизилган.

Лаборатория таҳлиллари ифлослантирувчи моддалар миқдори белгиланган меъёрлардан анча юқори эканини кўрсатди. Хусусан, нефт маҳсулотлари миқдори меъёрдан 5,02 баробар, аммоний азоти эса 43,5 баробар юқори экани аниқланган.

Каналлардан фойдаланиш ва туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси маълумотига кўра, рухсатсиз равишда каналга 63 минг 936 куб метр суюқ чиқинди ташланган. Атроф-муҳитга етказилган зарар учун компанияга 2 миллиард 160 миллион 13 минг 824 сўм миқдорида товон ҳисобланган.

Шунингдек, текширув давомида тупроқнинг нефт маҳсулотлари билан ҳам ифлослангани аниқланди. Бу ҳолат учун корхонага қўшимча равишда 60 миллион 27 минг 81 сўм товон тайинланди.

Натижада компания атроф-муҳитга етказилган зарар учун жами 2 миллиард 220 миллион 40 минг 905 сўм миқдорида товон тўлаши белгиланди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.