Стратегик шериклик ёки иттифоқчилик: давлатлараро муносабатлар даражалари ортида нималар ётади?

Стратегик шериклик ёки иттифоқчилик: давлатлараро муносабатлар даражалари ортида нималар ётади?

Стратегик шериклик, ҳар томонлама стратегик шериклик, иттифоқчилик муносабатлари — бу каби таърифлар халқаро учрашувлар якунлари бўйича қабул қилинаётган баёнотларда тобора кўпроқ учрамоқда. Кўпчилик учун улар оддий дипломатик атамалардек туйиллса-да, аслида давлатлар ўртасидаги ишонч даражаси, ҳамкорлик кўлами ва ўзаро мажбуриятлар ҳажмини акс эттиради. Яқинда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома бу масалага яна бир бор эътиборни қаратди: ушбу тушунчалар ортида нима туради, ҳамкорликнинг турли даражалари бир-биридан нимаси билан фарқ қилади ва улар давлатларнинг ташқи сиёсати учун нимани англатади? Сиёсатшунос, сиёсий фанлар доктори Шухрат Таджиев тушунтиради.

Сиёсий фанлар нима дейди?


Халқаро муносабатлар назарияси давлатлараро муносабатлар даражаларининг умумий классификациясини таклиф этмайди. Бунинг ўрнига у нима учун давлатлар айнан қандайдир ҳамкорлик форматларини танлашини ҳамда уларни қайси жиҳатлар барқарор ёки нобарқарор қилишини тушунтиради.

Классик реализм мактаби (Ҳанс Моргентау, Кеннет Уолтц) халқаро муносабатларни таъсир доираси ва хавфсизлик учун доимий рақобат сифатида кўриб чиққан. Иттифоқлар ва ҳамкорликлар ҳеч қачон ўз-ўзидан мақсад бўлмаган — улар давлатларга ўз миллий манфаатларини ҳимоя қилиш ва қулай кучлар мувозанатини сақлашда ёрдам берганида пайдо бўлган.

Либерал институционализм вакиллари (Роберт Кеохейн ва Жозеф Най) ҳамкорликнинг барқарорлиги фақат манфаатларнинг мос келишига эмас, балки ўзаро таъсирнинг мустаҳкам механизмлари — халқаро институтлар ва иқтисодий ўзаро боғлиқликка ҳам алоқадор эканини кўрсатиб берган. Бундай алоқалар тармоғи қанчалик зич бўлса, сиёсий келишмовчиликлар даврида ҳам ҳамкорликни сақлаб қолиш эҳтимоли шунчалик юқори бўлади.

Конструктивизм тарафдорларининг фикрича (Александр Вендт), давлатлар фақатгина рационал ҳисоб-китоблардан келиб чиққан ҳолда эмас, балки бир-бирларини қандай қабул қилишларига қараб ҳам ҳаракат қилади. Яъни тарихий тажриба, сиёсий кимлик ва ишонч даражаси халқаро сиёсатнинг мустақил омилларига айланади.

Ушбу ёндашувлар ўртасидаги фарқларга қарамай, уларни умумий хулоса бирлаштиради: давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг табиати биттагина омил билан эмас, балки манфаатлар, институтлар ва ишончнинг уйғунлиги билан белгиланади. Айнан мана шу уйғунликнинг ўзгариши одатда оддий дипломатик муносабатлардан стратегик шериклик ёки иттифоқчиликка ўтишнинг асосини ташкил этади.

Бунда замонавий дипломатия бундан бир неча ўн йил олдин жаҳон сиёсатини белгилаб берган дипломатиядан сезиларли даражада фарқ қилади. Агар илгари иттифоқлар асосан хавфсизлик масалалари ва умумий таҳдидларга қарши курашиш атрофида шаклланган бўлса, бугунги кунда стратегик шерикликлар кўпинча биргаликда ривожланиш, иқтисодий кооперация ва имкониятларни кенгайтириш мақсадида тузилмоқда.

Қандай давлатлараро муносабатлар даражалари мавжуд?


Халқаро амалиётда давлатлар ўртасидаги муносабатлар даражаларининг ягона классификацияси мавжуд эмас. «Стратегик шериклик» ёки «иттифоқчилик муносабатлари» каби формулалар ягона ҳуқуқий мазмунга эга эмас ва турли давлатлар томонидан турлича қўлланиши мумкин. Бироқ сўнгги ўнйилликлардаги дипломатик амалиёт ўзаро мажбуриятларнинг юқори даражасидан то базавий дипломатик алоқаларгача бўлган бир нечта кенг тарқалган ҳамкорлик форматларини ажратиб кўрсатиш имконини беради.

Дипломатик муносабатлар давлатлараро алоқаларнинг асоси бўлиб қолаверади. Улар давлатларнинг ўзаро тан олинишини, дипломатик ваколатхоналар алмашишини ва расмий сиёсий мулоқотни олиб боришни назарда тутади. Бу тўлақонли халқаро алоқаларнинг мавжуд бўлиши учун зарур шарт бўлса-да, ҳали юқори даражадаги ҳамкорликдан далолат бермайди. Масалан, Ўзбекистон дунёнинг 168 давлати билан дипломатик муносабатлар ўрнатган, аммо уларнинг кўпчилиги билан ҳамкорлик асосан дипломатик баённома доираси билан чекланади.

Дипломатик муносабатларнинг мавжудлиги давлатлар ўртасида зиддиятлар йўқлигини англатмайди. Мамлакатлар ҳатто жиддий келишмовчиликлар, можаролар ёки рақобат шароитида ҳам расмий алоқаларни сақлаб қолишлари мумкин. Шунинг учун муносабатларнинг расмий даражаси ҳамкорликнинг ривожланиш даражаси ва ўзаро мажбуриятларнинг чуқурлигини кўрсатади, лекин манфаатлардаги фарқларни бекор қилмайди. Масалан, АҚШ ва Хитой муносабатлари тобора ўзаро рақобат билан тавсифланса-да, барча расмий дипломатик атрибутларни сақлаб қолмоқда.

Ҳамкорликнинг янада яқинроқ формати одатда шериклик ҳисобланади. Қоида тариқасида, у муайян йўналишлар атрофида шаклланади. Масалан, савдо, инвестициялар, транспорт, таълим, фан ёки маданият. Давлатлар қўшма комиссиялар тузади, соҳавий битимлар тузади ва мунтазам маслаҳатлашув механизмларини яратади. Бундай формат, одатда, кенг сиёсий мажбуриятларни назарда тутмайди.

Стратегик шериклик ўзаро ҳамкорликнинг узоқ муддатли моделига ўтишни англатади. Бу ҳолатда давлатлар бир-бирини муҳим ташқи сиёсий ва иқтисодий шерик сифатида кўриб чиқади ҳамда мувофиқлаштиришнинг барқарор механизмларини яратади. Одатда бундай формат давлат раҳбарларининг мунтазам учрашувларини, сиёсий маслаҳатлашувларни, халқаро масалалар бўйича позицияларни мувофиқлаштиришни ва йирик қўшма лойиҳаларни амалга оширишни ўз ичига олади.

«Ҳар томонлама стратегик шериклик» деб номланган кенгроҳ формат бирйўла бир нечта асосий соҳаларни — сиёсат, иқтисодиёт, хавфсизлик, технологиялар, таълим, фан ва гуманитар алоқаларни қамраб олувчи ҳамкорликни ифодалаш учун қўлланади. Шу билан бирга, бундай формат ҳарбий-сиёсий иттифоқнинг автоматик равишда тузилишини англатмайди.

Расмийлаштирилган мажбуриятларнинг энг юқори даражаси иттифоқчиликдир. Стратегик шерикликдан фарқли ўлароқ, иттифоқчилик муносабатлари ўзаро мажбуриятлар, энг аввало, хавфсизлик соҳасидаги мажбуриятлар мавжудлигини назарда тутади. Бундай шартномаларнинг аниқ мазмуни фарқ қилиши мумкин: баъзилари мудофаа сиёсатини яқин мувофиқлаштиришни назарда тутса, бошқалари инқирозий вазиятларда ўзаро қўллаб-қувватлашни кўзда тутади.

Бундан ташқари, ҳарбий-сиёсий иттифоқ формати ҳам мавжуд. Бундай ҳамкорликнинг асосий принципи — иштирокчилардан бирига қилинган ҳужумни барча томонлар учун таҳдид деб ҳисоблаш ва биргаликдаги ҳаракатларга тайёр туришдан иборат.

Амалиётда муносабатларнинг бу даражалари турлича мазмунга эга бўлиши мумкин. Масалан, Европа Иттифоқи ва Австралия муносабатлари савдо, инвестициялар, технологиялар ҳамда хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни ўз ичига олган, бироқ жамоавий мудофаа бўйича иттифоқчилик мажбуриятларини назарда тутмайдиган кенг шериклик ҳисобланади.

Франция ва Ҳиндистоннинг стратегик шериклиги эса мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик, коинот тармоғи, энергетика ва мунтазам сиёсий мулоқотни ўз ичига олади.

Хитой ва Россиянинг ҳар томонлама стратегик шериклик формати сиёсий ҳамкорлик ва энергетикадан тортиб иқтисодий ҳамкорликкача бўлган кенг доирадаги соҳаларни қамраб олади.

АҚШ ва Япония ўртасидаги хавфсизлик соҳасидаги ўзаро мажбуриятларга асосланган шартнома иттифоқчилик муносабатларининг классик намунаси бўлиб қолмоқда.

Шундай қилиб, муносабатлар даражасининг кўтарилишидан олдин, одатда, амалий ҳамкорликнинг босқичма-босқич ривожланиши: савдонинг ўсиши, сармоявий алоқаларнинг кенгайиши, қўшма лойиҳаларнинг яратилиши ва мунтазам мулоқот механизмларининг шаклланиши кузатилади. Шартнома ёки декларация кўпинча ҳамкорликнинг аллақачон эришилган даражасини мустаҳкамлайди, уни нолдан яратмайди.

Дипломатик формулаларни сиёсий сигналлар сифатида ҳам кўриб чиқиш лозим. Ички аудитория учун улар давлат ташқи сиёсатининг қайси йўналишлари устувор ҳисобланишини кўрсатса, давлат тузилмалари ва ҳамкорлик иштирокчилари учун келгуси ишлар йўналишини белгилаб беради. Ташқи ўйинчилар учун эса бундай формулалар давлатлар ўртасидаги ишонч даражаси ва уларнинг сиёсий яқинлик кўламини намойиш этади.

Ўзбекистон: муносабатларнинг турли даражаларини амалда қўллаш


Кўриб чиқилган ҳамкорлик форматларини Ўзбекистон ташқи сиёсати мисолида ҳам кузатиш мумкин. Мустақиллик йилларида мамлакат кўп босқичли шериклик тизимини шакллантирди ва унда ҳар бир формат ўзига хос вазифани бажармоқда. Иттифоқчилик муносабатлари, энг аввало, минтақавий хавфсизлик ва сиёсий ишончни мустаҳкамлаш учун хизмат қилса, стратегик шерикликлар узоқ муддатли иқтисодий, технологик ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.

Улар халқаро ҳужжатларда мустаҳкамланиб, ҳамкорликнинг турли йўналишларини — сиёсий, мудофаа, иқтисодий, инвестициявий, транспорт, энергетика ва гуманитар соҳаларни акс эттиради.

Ўзбекистон сиёсий мувофиқлаштиришнинг энг яқин форматини ўзаро боғлиқлик юқори бўлган ва узоқ муддатли манфаатлар мос келадиган давлатлар билан ривожлантирмоқда.

Ташқи алоқаларнинг асосий йўналиши Марказий Осиё давлатлари ҳисобланади. Ўзбекистон Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномаларни имзолаган. Туркманистон билан 2017 йилдаги Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома амал қилади, 2022 йилда эса томонлар Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларацияни имзолаган.

Алоҳида йўналиш сифатида Жанубий Кавказни кўрсатиш мумкин. Озарбайжон билан 2024 йилда Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзоланган бўлса, Грузия билан 2026 йил 3 июль куни Стратегик шерикликни ўрнатиш тўғрисидаги декларация имзоланди.

Россия билан муносабатлар иттифоқчилик ва ҳар томонлама стратегик шериклик форматларини ўз ичига олади. Хитой билан 2024 йилда барча шароитда ҳар томонлама стратегик шериклик ўрнатилган. АҚШ билан муносабатлар 2002 йилдаги Стратегик шериклик тўғрисидаги декларация асосида ривожланмоқда, 2018 йилда эса икки мамлакат ўртасида «стратегик шерикликнинг янги даври» бошланиши эълон қилинганди.

Европа йўналиши Франция, Италия, Венгрия ва Словакия билан стратегик шерикликни ўз ичига олади. Ҳамкорликнинг алоҳида йўналишлари бошқа Европа давлатлари, энг аввало, Германия билан ривожланмоқда.

Шарқий ва Жанубий Осиёда Ҳиндистон ва Покистон билан стратегик форматлар амал қилмоқда, Корея Республикаси билан эса алоҳида стратегик шериклик йўлга қўйилган. Япония билан 2025 йил декабрь ойида «келажак авлодлар учун кенгайтирилган стратегик шериклик»ни ривожлантириш бўйича келишувга эришилган.

Яқин Шарқда сўнгги йилларда Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатар билан стратегик шериклик йўлга қўйилди. Миср билан муносабатлар ҳар томонлама шериклик форматида ривожланмоқда.

Туркия билан ҳар томонлама стратегик шериклик формати амал қилмоқда. Беларусь билан эса 2026 йил 9 июль куни Стратегик шерикликни ўрнатиш тўғрисидаги декларация имзоланди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.