Айни пайтда Олтой Республикасида қорамол экспорт қилиш ҳуқуқига эга олтита корхона фаолият юритмоқда. Ҳудуддаги қорамоллар сони 196 минг бошдан ошади. Бу ташқи бозорларга етказиб бериш ҳажмини янада ошириш имконини бермоқда.
Икки томонлама ҳамкорлик 2025 йил май ойида Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамда Олтой Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўртасида қўшма ишчи гуруҳ тузилиши ортидан янги босқичга кўтарилди. Ишчи гуруҳнинг асосий вазифаларидан бири наслдор чорва моллари етказиб беришни кенгайтириш ва чорвачилик соҳасида тажриба алмашишдан иборат.
Ўзбекистонга қорамолдан ташқари Олтой тоғ эчкилари ҳам кўпроқ етказиб берилмоқда. «Кайрал» компанияси Ўзбекистоннинг «Наслчилик» компанияси билан ҳамкорликни давом эттирмоқда. 2025 йилда Қашқадарё вилоятига 2 минг 300 бош эчки етказиб берилган. 2024 йилда бу кўрсаткич 930 бошни ташкил этган.
Шунингдек, Ўзбекистонга симментал ва герефорд зотли наслдор ҳайвонлар олиб кирилмоқда. Ушбу зотлар юқори гўшт ва сут маҳсулдорлиги билан ажралиб туради.
Наслдор чорва моллари импортининг кенгайиши мамлакатда чорвачилик тармоғини модернизация қилиш, хўжаликлар маҳсулдорлигини ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.